Собиқ депутатнинг эски чопони

Кун кеч бўлиб қолди. Шу кунга режалаштирилган сайловчилар билан учрашувларнинг охиргиси тугади. Учрашувга келганларга раҳмат айтиб, маҳалланинг биносидан чиқдим-да, шошиб машина томон юрдим. Уловга бир-икки қадам қолганда “Ҳой депутат” деб мени кимдир чақирди. Қоронғида кўрмасам-да, овоз келган томонга қараб “лаббай” дедим.

Ёнимга ёши улуғ, асо суянган оқсоқол келди.

– Сиз билан йўлимиз бир, мени йўл-йўлакай ташлаб кетсангиз. Шу баҳона айтмоқчи бўлган гапларимни сизга айтиб олардим, - деди отахон.

– Албатта, бобо, - дедим-да машинани айланиб ўтиб, ҳайдовчи ёнидаги йўловчи ўтирадиган жой эшигини очмоқчи эдим, оқсоқолнинг ёнида турган маҳалла раиси чаққон эшикни очиб, оқсоқолнинг машинада ўтиришига ёрдам берди. Қарияга кўрсатилган ҳурматни кўриб, сергак тортдим. У киши машинамга миниб, маҳалла ҳовлисидан чиқмагунча, маҳала аҳли тарқалмай турганлигини шунда сездим.

– Учрашув яхши ўтди, яхши гапларни гапирдингиз, болам, – деб гап бошлади бобо. – Депутатликнинг масъулияти жуда катта, буни ёдда тутинг. Халқнинг давлат тизимидаги вакили бўлиш, ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Агар Аллоҳнинг назари тушмаса, бандаси эшак бозорда даллол ҳам бўлмайди. Бу назарни ва халқ ишончини, халққа хизмат қилиш учун имконият деб билинг.

Бу сўзлар мулойим ва паст оҳангда айтилар, “хўп бўлади” деган жавобни талаб қилмасди.

– Мана, бир муддат ишлаб кўрдингиз, депутатнинг нони кўпчиллик ўйлагандек юмшоқ эмас, – сўзида давом этарди у киши. – Бу қариянинг насиҳати бирон бир мактаб ёки болалар боғчасини таъмирлаш масаласи билан тугайди деб ўйлаётгандирсиз? Хавотирланманг, мени сизга ҳеч қандай “наказим” йўқ. Лекин сизга насиҳат қилишга ҳаққим бор. Мен иттифоқ даврида Москвада, мустақилликка эришилгандан сўнг Тошкентда, худди сиздек депутат бўлганман.

Бу гапларни эшитиб, йўлдан кўзимни олиб, бобога тикилиб қолдим. Шу маҳаллада уч-тўрт марта учрашув ўтказганман. Бу қария учрашув чоғида олд қаторнинг бир чеккасида жимгина ўтирар, маърузамни мийиғида жилмайиб эшитар, гоҳида бошқаларга қўшилиб, қарсак чалиб маъқуллар эди. Аммо бирор марта савол бермаган, сўз олиб гапирмаган. Бирор бир ҳаракат билан йиғилганларни ёки менинг эътиборимни ўзига қаратмаган эди.

Шу маҳалладан иттифоқ даврида депутат чиққанлигини, ҳалққа яхши хизмат қилиб, ҳурмат қозонганлигини, давлат у кишининг меҳнатини муносиб тақдирлаганлиги ҳақида эшитганман. Аммо...

Ҳайратимни кўриб, бобо “Ҳа, ўртоқ депутат мен ҳали тирикман”, деб кулди.

“Сиз йўлга қаранг, мен давом этаман” деган сўзидан ўзимга келдим.

– Бобо, менга сен деб гапираверинг, ўғлингиз қатори бўлсам керак, – дедим йўлга қараб.

– Катта набирамдан икки ёш кичиксиз. Аммо мен сиз деб мурожаат қиламан. Нега дейсизми? Чунки мени туққан, вояга етказган, яхши ва ёмон кунимда ёлғизлатмаган шу заҳматкаш ҳалқимнинг давлат тизимидаги вакилисиз. Набирам ёшида бўлсангиз-да, сиз дейишим бу аввало, халқимни ва ўзимни ҳурмат қилганим... Ҳозир ўнг томондан жигарранг дарвоза чиқади. Шундоқ, шу дарвозага машинани буринг, иккимиз уйга кирмасдан, айвондаги чорпоя устида бир пиёла чой ичамиз.

Машинани бобо айтган жойга буриб, узримни айтмоқчи эдим. Оғиз жуфтламасимдан орқамиздан келаётган машинадаги йигитлар ёрдамида оқсоқол машинадан тушишга улгурди.

Отахонга эргашдим. Кеч кузнинг юмшоқ куни бўлса-да, иссиқ машина салонидан сўнг, этни жунжиктирадиган ҳаво эди. Бир зумда чорпояга чўғ солинган тоғора келтирилди, тоғора остига қайроқ терилиб, устига сандал қўйилди. Сандалда бобо билан қарама-қаши ўтирдик. Йигитлардан бири нон ушатди. Бизга чой узатиб, нари кетди. Дуодан сўнг бобо мен билан қуюқ сўрашди. Хизматдаги йигитни чақириб, хонасида илинган чопонни олиб келишни буюрди. Чопон келтирилгандан сўнг бобо йигитга “Акангни елкасига ташла” деди. Елкамга бобонинг чопони ташланди.

Бехосдан чопоннинг ёқасини ҳидладим. Бу одат ёшлигимдан бор. Отам ишли одам эди. Биз уйғонмасдан ишга кетиб, биз уйқуга кетгандан сўнг келадиган кунлари кўп эди. Биз болалар отамизни соғинганда чопон этагига ўралиб йиқилсак ҳам уни талашиб-тортишиб кияр эдик. Чопон ёқасидаги отамнинг ҳиди соғинчимизни юпатган менимча...

Ёқа ҳидлаб жилмайганимни кўриб, бобо кулди.

– Эй, болам чолларни ҳиди шунақа, бир-бирига ўхшайди, бир ўрнашса кетмайди – деди у киши. – Отангиз ҳаёт шекилли?

Мен “Худога шукур” дедим. Чой ҳўплар эканман, қария қаршисида ўзимни очиқ китобдай сездим.

– Бахтли инсонсиз, сизнинг шу кунларингизни кўрган отангиз ҳам бахтли, – деди оқсоқол бироз тин олиб, гапида давом этди. – Мен сизни мана, уч йилдан ошди, кузатаман. Яхши, ёмон эмас. Телевизор, радиодаги интервьюларингизни эшитаман, газетадаги мақолаларингизни ўқийман. Интернетга бирон бир гапингиз чиқиб қолса, тайинлаб қўйганман, набираларим дарров ўқиб беришади. Айтаётган гапларингиз, қилаётган ишларингиз ҳозирча маъқул. “Ҳозирча” сўзи кўнглигизга ботмасин. Негаки, мен ўзим бу йўлни босиб ўтганман, хатолар бўлган ва кўп депутатнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишман. Шунинг учун тажрибамдан келиб чиқиб, сиздан икки қоидага эътибор беришингизни сўрардим.

Биринчидан, ижро этувчи ҳокимиятдан қўрқманг, уни ҳурмат қилинг. Ижро этувчи ҳокимият ҳурматга сазовор. Шу ҳокимият ва суд ҳокимияти сиз мансуб бўлган қонун чиқарувчи ҳокимият билан тенг ҳуқуқли. Айнан шу ҳокимият ўз зиммасига юклатилган қонунлар ва қарорларни ижро этиш вазифаси сабаб халқ билан яқиндан, юзма-юз ишлайди.

Олиб борилаётган ислоҳотлар қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ваколатларини кенгайтирмоқда, Юртбошимиз тўғри йўл тутди. Чунки ислоҳотлар ҳокимиятлар ўртасидаги мувозанатни тикламоқда. Исботланган, уч ҳокимиятдан биттасининг ҳаддан ташқари кучайиб кетиши жамиятни таназзулга олиб келади. Бу ҳокимиятлар бир-бирини назорат қилиб, танқид қилиб, тийиб туриши лозим.

Аммо назорат, танқид, талаб асосли ва қонуний бўлиши керак. Танқид қилишдан аввал, унга сазовор ҳолатни холис таҳлил қилинг. Бу ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари ва энг муҳими, қонуний ва амалий ечими тўғрисида фикрни илгари суринг. Танқиддан осони йўқ, унга тезроқ ишонишади. Фақат танқидга таянган фаолиятнинг, обрў-эътиборнинг умри қисқа.

Масалага халқ манфаати ва давлатчилик нуқтаи назаридан ёндашинг. Шуни эсдан чиқармангки, давлатчиликка зиён етказиб, халқ манфаатини ёқлай олмайсиз. Давлатчилик жамиятимизнинг суяги, халқ иродасининг тарихдаги буюк ижобатидир.

Иккинчидан, камтар бўлинг, аниқроғи, хокисор бўлинг. Дахлсизлик ҳуқуқи сизга кундалик турмушингизни осонлаштириш ёки бошқалардан ажралиб туришингиз учун берилмаган. Бу ҳуқуқ сизга халқ хизматида бўлганингизда учрашингиз мумкин бўлган босимдан, ноқонуний таъқибдан ҳимояланиш учун берилган. Шуни билингки, бу – ҳуқуқ, мажбурият эмас. Яъни, ундан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик сизнинг ихтиёрингизда. Жоиз бўлмаган жойда ва ҳолатда “мен депутатман” деб айтиш, нафақат сизни, балки бутун тизим обрўйини туширади.

Сиёсатчи сифатида қонунийликни ва дахлсизлик ҳуқуқини талаб қилишингиз учун ўзингиз қонун доирасида бўлишингиз ва бошқаларнинг ҳуқуқини паймол қилмаган бўлишингиз лозим. Халқимиз, “бировнинг айбини айтишдан олдин, ёқангни ҳидла” дейди. Бу гапнинг замирида маъно кўп.

Бобо менга эҳтироссиз, мулойимлик билан гапирар, суҳбатнинг бу зайли диққатимни янада оширарди.

Гапимиз қизиб кетди. Биз тоғорадаги чўғ кулга айлангунча суҳбатлашиб ўтирдик. Бобо депутатлик даврида бошидан кечирган ибратли воқеаларни гапириб берди. Мен ўз навбатида, ҳали кўп бўлмаган депутатлик фаолиятим билан ўртоқлашдим. Оқсоқолдан дуо олиб, алламаҳал уйга қайтдим. Машина эшигини қулфлаётиб, бобонинг мени совқатмасин деб, елкамга ташлаган чопонини кийиб келганимни билдим.

Кейинги учрашувларга борганимда оқсоқолни туман ҳокимлигида маҳаллий кенгаш депутатлари даврасида учратдим. Чопонни олиб келганимни айтсам. Бобо лабларига кўрсаткич бармоғини қўйиб, “жим” ишорасини қилди. “Мен ҳаммага депутатни елкасига чопон ташладим, деб мақтаниб юрибман, сиз бўлса, уни менга қайтараман дейсиз, сирни ошкор қилманг-да, болам...” деди. Депутатлардан бири “Елкага чопон ташлашнинг нимаси сир оқсоқол?” деб сўради. Бобо афсуслангандек бўлиб, “Эй, чопон қурғур эски эди-да...” деди. Бу сўзлардан сўнг даврада кулги кўтарилди.

Шу сатрларни ёзаяпман-у эгнимда ўша чопон. Бу чопонга ном қўйиб олганман – холислик чопони. Бирон бир масала ёки ҳолатга муносабат ёзмоқчи бўлсам, шу чопонни кияман. Токи, димоғимга ёқадаги ҳид уриб турсин.

Алишер ҲАМРОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.