Собиқ талаба фирибгарликка қўл урди

2020 йилнинг 26 январь кунидан 9 март кунига қадар бўлган вақт оралиғида 27 ёшли Илҳомжон Э. Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган ёшлар иттифоқи биноси олдида Самарқанд вилоятидан келган танишлари Гавҳар К. ва Асатулло А. ларга ўзини "Халқ таълими вазирлигида таржимонман", деб таништиради.

Сўнгра уларга Ўзбекистон Миллий университетининг биология ва кимё факультетининг сиртқи таълим бўлимига “суперконтракт” асосида қабул бўлаётганлигини, 12 та ўрин очилиб, ушбу ўринларни тўлдириш вазифаси унга юклатилганлигини, танишларига ёрдам беришини ва атиги уч баробар миқдорда "супер контракт” тўловини амалга оширишларини айтиб ишончига киради.

Илҳомжон Э. бунинг эавазига  улардан жами 3.500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни алдов йўли билан олиб, ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборади.

Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Илҳомжон Э.,га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “Б” банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, у терговга келишдан бўйин товлаб яшириниб юрганлиги туфайли, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида Илҳомжон Э., Яккасарой тумани ҳудудида ИИБ ходимлари томонидан ушланган.

Тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, Илҳомжон Э., Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида таҳсил олиб, кейинчалик талабалар сафидан ўчирилганлиги маълум бўлган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра , ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.