“Соғлом ҳаёт учун – беш минг қадам” етарлими?

– Албатта, йўқ. Лекин буни ҳар кунлик одатимизга, турмуш тарзимизнинг ажралмас бўлагига айлантирсак, соғлом ва бахтли ҳаёт кечиришимизга ёрдам беради, – дейди Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори Наргиза Кенжаева.

Самарқанд вилояти туризм ва спорт бошқармаси ташаббуси билан бугун эрталаб “Соғлом ҳаёт учун – ўн минг қадам. Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида оммавий юриш марафони ўтказилди.

Марафонда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган 2 минг нафардан ортиқ аҳоли иштирок этиб, Самарқанд шаҳар Ислом Каримов кўчаси бўйлаб 5 минг қадам юрди.

– Февраль – гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги доирасида қатор спорт тадбирлари белгиланган, - дейди вилоят туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Рўзиев. - Бугунги марафондан ташқари, спортнинг таэквондо, кураш, дзюдо, камондан отиш турлари бўйича мусобақалар белгиланган. Мақсадимиз халқимизни спортга кенг жалб қилиб, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш орқали турли иллатларни олдини олишдан иборат.

Юриш марафони якунида иштирокчилар Регистон майдонида эрталабки бадантарбия машқларини ўтказишди.