Соғлом турмуш тарзини қандай ташкил қилиш керак?

Ҳаёт одамга Аллоҳ томонидан берилган инъом. Ана шу ҳаётни чиройли, сермазмун қилиб ўтказиш маълум маънода кишининг ўзига боғлиқ. Бу масалани ечишда, биринчидан, муддатдан олдин қаришнинг олдини олиш, иккинчидан, қариб, оила аъзолари учун ташвиш туғдирмаслик имкониятини яратиш зарур.
Биолог олимларнинг айтишича, инсон 110-120 йил яшаши мумкин. Масалан, таниқли олимлар Е.Мечников ва А.Богомолов одам камида 120-130 йил яшаши керак, деган. Рус физиологи И.Павлов эса “Одам 150 ёшга кирмай ўлса, бу мажбурий ўлимдир”, деб ҳисоблаган. Шунинг учун Павлов “Ичманг, чекманг, ўзингизни заҳарламанг”, деган.
Дарҳақиқат, шундай. Ҳозирги вақтда тиббиёт ҳаётни узайтириш билан шуғулланмоқда. Тиббиётнинг муваффақиятлари ёрдамида охирги йилларда дунё бўйича ўртача умр кўриш 82 ёшгача кўтарилди.
Сир эмас, соғлом ҳолда кун кечириш, доим яхши кайфиятда юриш умримизнинг чиройли ўтишини таъминлайди. Акс ҳолда-чи? Нотўғри турмуш тарзи туфайли дарду ташвишлар кўпайиб, саломатлик ёмонлашади. Масалан, бугунги кунда ўрта ва қари ёшдаги кишиларнинг икки ёки учта қўшма – ёндош касаллиги кўпаймоқда. Улар асосан юрак-қон томирлари, нафас йўллари ва овқат ҳазм қилиш тизими касалликларидир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертлари томонидан келтирилган маълумотларга асосан инсоннинг соғлом яшаши қуйидаги омилларга боғлиқ:
- наслий омиллар – 20 фоиз;
- атроф-муҳит ҳолати, яъни экологик вазиятлар –20 фоиз;
- тиббиётнинг ривожланиш даражаси – 7-8 фоиз;
- одамларнинг яшаш шароити – 52-53 фоиз;
Юқоридаги маълумотларга асосланадиган бўлсак, соғ-саломат яшаб юриш кўпроқ ўзимизга боғлиқ. Аммо, бунга эришиш осонми?
Ўйлаб қаралса, кўплаб нохуш омиллар (масалан, нотўғри овқатланиш, турли юқумли касалликларга чалиниш, зарарли одатларга берилувчанлик, кўп вақт руҳий изтироб чекиш сингарилар) саломатликка салбий таъсир кўрсатади. Шундай экан, узоқ йиллар соғ-омон ҳаёт кечиришимиз учун, аввало, тўғри яшаш шартларига амал қилишимиз лозим. Асосийси, саломатлигимиз учун айнан нималар зарурлигини билиб олмоғимиз шарт.
Ҳаракатчан одам узоқ яшайди
Ҳар бир инсон ўзининг руҳий ҳолатини идора қила олиши керак. Масалан, жаҳл чиққанда ўзини босиши, қалтис вазиятларда шошиб, нотўғри қарор қабул қилмасдан вазминлик билан мулоҳаза юритиши, шунингдек ўзаро муносабатларда одил бўлиши керак.
Аввало, одам ҳаётда ўзига ёққан касбни танлаши лозим, бу унга руҳий осойишталик бағишлайди. Негаки, касбга меҳри туфайли одам ишда чарчоқ билмайди, шу касб фидойисига айланиб, яхши натижаларга ҳам эришади.
Дунё психологлари узоқ изланишлар ўтказишиб, руҳий саломатлик тамойилларини ишлаб чиқишган. Бу қуйидагилар:
- инсон ўзига ва ўз кучига ишониб яшаши;
- турмушда бўладиган ҳодисаларга донишмандлик кўзи билан қараш;
- салбий фикрларни миядан узоқлаштириш;
- ортиқча эҳтиросларга берилмасдан, ақл билан иш тутиш;
- ҳасадгўйлик ва ношукурлик иллатларидан сақланиш;
- шуҳратпараст бўлмаслик (Бу борада Нақшбандий ҳазратлари “Шуҳратнинг оқибати офат”, деганлар);
- ўзгалар билан тил топишишга интилиш;
- ҳазил ва мутойибага мойиллик;
- хушфеъл ва меҳнатсевар бўлиш.
Кўпчилик кишилар эрталаб сурункали чарчоқ ҳисси билан уйғонишади. Кун бўйи ишдаги ҳар хил муаммоларга дуч келиб, ишдан кейин ҳар хил оилавий ташвишларни ўйлаб, яна кўпроқ ҳорғинлик ҳиссини сезадилар. Демак, биз доимий стресс ҳолатида яшаймиз. Ана шу стресс ҳолатидан кейин ҳар хил юрак қон-томир касалликлари, ошқозон-жигар тизимида ҳар хил салбий ўзгаришлар ва ҳатто қандли диабет касаллиги ҳам пайдо бўлганини сезмай қоламиз. Ана шундай стресслар сабабли охирги йилларда қандли диабетнинг II типи кўпаймоқда. Жаҳон диабетологлар жамиятининг берган маълумотига кўра, 2030 йилга бориб дунё бўйлаб бу хасталик билан оғриганлар сони 640 миллион кишини ташкил қилиши кутилмоқда.
Маълумки, стресс ҳолати кейинчалик киши хотирасининг пасайишига олиб келади. Стрессларни енгиш учун сабрли бўлишимиз, ҳар қандай ҳолатда ўзимизни тинчлантира олишимиз, ўтаётган кунларимизга шукроналик кўзи билан қарашимиз лозим. Ана шундагина бизнинг руҳий саломатлигимиз барқарор бўлади.
Фойдали таом ва тоза сув
Биламизки, овқатланиш шунчаки қорин тўйдириш эмас, балки организм учун зарур бўлган оқсил моддаларни, микроэлементларни, витаминларни таом орқали етказиб берилишини таъминлашдир. Овқатланишда унинг фойдалилик жиҳатларини билиш ва ҳисобга олишимиз зарур. Улуғ файласуф Аристотел айтганидек, “Одам қувватни овқатдан, ақлни ҳикматдан олади”.
Абу Али Ибн Сино ўзининг тиббиётга доир асарларида овқат ейишда унинг танага фойдасини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлаб, шундай ёзади:
Танлаганинг бўлсин доим енгил ҳазм,
Гиёҳ, кўкат, сутлар, бўлсин ошу тузинг.
Таркибида витаминлари кўп озиқ-овқат маҳсулотлари биз учун фойдали ҳисобланади. Қаттиқ қовурилган овқатлар нечоғлик мазали бўлмасин, фойдалилиги кам, чунки витаминлар қовуриш жараёнида парчаланиб кетади. Кўпроқ мева-сабзавотларни хомлигича истеъмол қилиш, овқатларни димлаб ёки буғлаб пишириб, истеъмол қилиш тана саломатлиги учун айни муддао ҳисобланади. Тиббиёт асосчиси Гиппократ айтган: “Еган овқатингиз дори, исътемол қилгандорингиз овқат бўлиши керак”.
Фойдали овқатланишнинг бир қанча тартиб-қоидалари ишлаб чиқилган бўлиб, соғлом яшашни истаган одам бу ҳақда билиши зарур. Масалан:
- очлик ҳиссини сезгандан сўнг дастурхонга ўтириш ва таомни ўз миқдорида ейиш;
- кунига белгиланган вақтда табиий маҳсулотлар билан нонушта қилиш;
- асабийлашганда овқат емаслик;
- кун давомида 4-5 марта оз-оздан овқатланиш;
- овқатланаётганда китоб ўқиш ёки телевизор кўриш билан машғул бўлмаслик;
- таомни узоқ чайнаш. Уни камида 50 марта чайнашимиз узоқ умр кўришимиз гарови ҳисобланади;
- ўсимлик ёғларинии кўпроқ, ҳайвон ёғларини озроқ миқдорда ишлатиш;
- ўта тўйиб овқат емаслик.
Донишмандларнинг айтишича, 3 та нарсани ками маъқул. Булар - кам овқат исътемол қилиш, кам ухлаш, кам гапириш. Бу борада Искандар Қобуснинг Қобусномасида айтилганидек, ўз набирасига кам гапиргин, ўйлаки, сендан ҳам юксак даражада биладиган инсонлар бор, деб уқтирган.
Буюк Алберт Эйнштейн ҳаёт формуласини қуйидагича келтирган ”А=х+й+з. Бунда: А - ҳаёт, х- кўп ўқи, ишла, ижод қил, й - дам олгин, саёҳат қил, ўйна, з - тилингни тий. Биз ҳам келтирилган ушбу ўгитларга амал қилсак, хатодан холи бўламиз. Улуғ табиб Ибн Сино айтганки, ҳали бироз овқат истеъмол қилиш ҳиссиёти бўлса ҳам истеъмол қилишни тўхтатиш, шунингдек, ҳаддан ташқари иссиқ ёки жуда совуқ овқатни истеъмол қилмаслик керак.
Сув ичиш ҳақида ҳам бироз тўхталайлик.
Сир эмас, организмга етарли миқдорда сув тушмаса, ичаклардаги захарли моддаларнинг чиқиши қийинлашади. Сув организмнинг ўз-ўзини тозалашига ёрдам беради. Айниқса, тоза сув ҳужайралар учун озуқадир. Сувни қайнатганда унинг биологик хусусиятлари йўқолади, шунинг учун иложи борича таркиби минералларга бой бўлган булоқ сувларини етарли миқдорда ичиш керак. Аммо сув ичишнинг ҳам ўзига хос қоидалари бор. Масалан:
Хасталикларнинг сабаблари кўп…
Бирор киши касал бўлиб қолса, дарров шифокорга боради. Дори-дармон харид қилиб муолажани бошлаб юборади. Лекин бу дард нега пайдо бўлди, асл сабаблари нимада? Бу хусусда чуқурроқ ўйлаб кўрмайди.
Фикр қилайлик, баъзи хасталикларга кўп сиқилиш ёки нотўғри овқатланиш, шунингдек камҳаракат ёки бирор юқумли касалликни юқтириб олиш сабаб бўлади. Айрим ҳолларда эса салбий одатлар ҳар хил дардни юқтириб олишга олиб келади. Касалликнинг пайдо бўлишида ирсий омиллар ҳам етакчи роль ўйнайди. Демак, булар ҳақида бош қотириб кўриш керак.
Ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” китобида соғлиқни сақлашнинг асосий 7 та омилларини ёзиб қолдирган. Улар қуйидагилар:
Хуллас, касалликлардан сақланиш учун айнан нима сабабли дардга чалинишимиз ҳақида ўйлаб кўришимиз зарур.
Ўзимизни яхши кўрсак ва соғлигимиз учун қайғурсак, албатта, соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя этишимиз керак. Кун тартибимизни оқилона белгилаш эса ўзимизга нисбатан ҳурматни шакллантиради ва саломатлик сари муҳим қадамни қўямиз.
Сайфулла Абдуллаев,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.