Солиқ соҳасида қонун нормалари тўғри ва бир хилда қўлланиляптими?

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан вилоят солиқ бошқармаси ходимлари иштирокида семинар ўтказилди.

Семинар Олий суд пленумининг 2023 йил 20 февралдаги “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги Қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда судларда солиқ низоларини кўришда ягона суд амалиётини шакллантириш масалаларига бағишланди. Тадбирда Республика Олий суди раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов, Олий суд судьяси Дилмурод Каримов, вилоят судининг фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари судьялари, маъмурий суд судьялари ҳамда солиқ органлари ходимлари иштирок этди.

Дастлаб Олий суд судьялари томонидан пленум қарори мазмун-моҳияти тушунтирилди. Мазкур ҳужжатни қабул қилишдан кўзланган мақсад солиққа оид низоларни кўришда судлар томонидан қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш эканлигига эътибор қаратилди.

Олий суд судьяси Д.Каримов Олий суди пленуми муҳокамасига киритилган “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарор юзасидан сўз юритди.

Таъкидланишича, бугун айрим масалалар юзасидан ягона ёндошувни шакллантириш учун Олий суд пленуми қарори зарур эди. Ушбу пленум қарори ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилди. Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси суд-ҳуқуқ ва бюджет қўмиталари вакиллари, бизнес омбудсман, ТДЮУ, Олий суд илмий-маслаҳат кенгаши аъолари фикрлари олинди. Солиқ қўмитаси, прокуратура, департамент, тергов органлари, солиқ маслаҳатчилари билан ўтказилган тортишувли мазокалардан сўнг шу қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Семинар давомида, шунингдек, солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари натижалари бўйича қарорлар қабул қилишда йўл қўйилаётган қонун бузилиш ҳолатлари, солиқ ҳисоблаш, молиявий жарима ва имтиёзларни қўллаш ҳамда солиқ органларининг қарорлари асосида солиқларни ундиришдаги хатоликларга оид муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, солиққа оид низоларни маъмурий ва иқтисодий судларда кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича тушунтиришлар берилди.

Самарқанд вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.