Солиқ ставкаси мулкнинг кадастр қийматига нисбатан белгиланади
А.ДАВРОНОВ,
Иштихон тумани.
– Жорий йилда жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк солиғи ставкаларида ўзгаришлар кузатилди. Чунончи, 2017 йилда солиқ ставкаси инвентаризация қийматига нисбатан белгиланган бўлса, 2018 йилда кадастр қийматига нисбатан белгиланди. Бунда жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи кадастр ҳужжатлари бўйича 42 миллион сўмдан кам бўлмаган кадастр қийматига нисбатан ҳисобланади. Тураржойлар, квартиралар, дала ҳовли қурилмалари (умумий майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлгани бундан мустасно), бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотлар учун кадастр қийматига нисбатан солиқ ставкаси 0,2 фоизни ташкил этади. Ўтган йили бу ставка 1,7 фоиз эди.
Шаҳарларда жойлашган тураржой ва квартиралар учун тўланадиган солиқлар ставкалари ҳам ўзгарди. Жумладан, 200 квадрат метрдан ортиқ ва 500 квадрат метргача бўлган тураржой ва квартиралар учун солиқ ставкаси 0,25 фоиз этиб белгиланган. Ваҳоланки, бир йил муқаддам бу 2,1 фоиз эди.
Умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган тураржой ва квартиралар учун тўланадиган мол-мулк солиғи ставкаси 0,35 фоизни ташкил қилди. 2017 йилда ушбу солиқ ставкаси 2,9 фоиз бўлган.
Саволга вилоят давлат солиқ бошқармаси давлат солиқ инспектори Умид АЛИМОВ жавоб берди.