Солиқлар нималарга ишлатилади?
Тўланаётган солиқлар қандай мақсадларда фойдаланилиши ҳар бир инсонни қизиқтириши табиий. Аввало, мамлакат бюджетини шакллантиришда солиқлар муҳим ўрин тутади. Таъбир жоиз бўлса, солиқ тизими бюджетнинг қон томиридир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, биз тўлайдиган солиқлар ўзимизга қайтиб келади. Энди ушбу масалани бироз атрофлича таҳлил қилсак. Биргина, буни мол-мулк ва ер солиғи мисолида кўриб чиқамиз. Уй-жой ва ҳовлига эга фуқаролар ер ҳамда мол-мулк солиғини тўлайди. Айнан мазкур солиқ турлари бевосита маҳаллий бюджетга келиб тушади. Демак, шаҳару туманларимизнинг ободлиги, янада кўркам қиёфага кириши, янги ижтимоий соҳа объектларининг бунёд этилиши, кўчаларимизнинг равон бўлиши тўғридан-тўғри тўланадиган солиқлар билан боғлиқлигини алоҳида қайд этиш лозим.
Умуман, солиқлар нималарга сарфланади? Солиқлар бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи, фарзандларимизнинг эмин-эркин мактабда таҳсил олиши, боғчаларда тарбияланаётган фарзандларимиз тарбияси, касалхоналарда бепул даволаниш, чегараларимизнинг дахлсизлигини таъминлаш, тинчлик посбонлари, армиямизнинг харажатларига сарфланади. Бундан ташқари, пенсионерларнинг пенсиялари, талабаларнинг стипендиялари, кам таъминланганлик, ногиронлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари ҳам бевосита тўланадиган солиқлардан шакллантирилишини таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича харажатлар учун маблағлар ҳам солиқлар натижасида тўпланади.
Умид АЛИМОВ,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.