Сўровнома якунланди: Самарқанддаги қайси олийгоҳ кўпроқ самарали ва замонавий ўқитиш тизимига эга?
Юқоридаги савол асосида 20 декабрь куни эълон қилинган сўровномамиз якунига етди. Ўтган 4 кун ичида сўровнома 70 минг марта кўрилиб, 35 мингга яқин иштирокчи овоз бериш жараёнларида қатнашди.
Натижалар қуйидагича:
Самарқанд давлат университети 27 фоиз (9 440 та овоз);
Самарқанд давлат тиббиёт институти 24 фоиз (8 519 та овоз);
Самарқанд давлат чет тиллар институти 13 фоиз (4 403 та овоз);
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти 8 фоиз (2 843 та овоз);
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти 6 фоиз (2 160 та овоз);
Самарқанд ветеринария-медицинаси институти 9 фоиз (3 074 та овоз);
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети 7 фоиз (2 299 та овоз);
Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали 6 фоиз (2 149 та овоз);
Албатта, фойдаланувчиларнинг аксарияти олийгоҳларга овоз беришда холислик мезонига амал қилишган, деб умид қиламиз. Шундай бўлса-да, сўровнома якунларини эълон қилишда олийгоҳларда таҳсил олаётган талабалар сони ҳақида ҳам маълумот беришга қарор қилгандик.
Чунки олийгоҳда қанча кўп талаба бўлса, у ердаги замонавий таълим жараёнларидан ҳам шунча кўп хабардор бўлади. Шу боис, адолатлилик тамойилидан келиб чиқиб, олийгоҳлардаги талабалар сони ҳам муҳим.
Аммо мазкур жараёнда қизиқ ҳолат рўй берди. “Сиз матбуот котиби бўлган олийгоҳда қанча талаба таҳсил олади?” деган саволимизга Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ва Самарқанд ветеринария медицинаси институтидан бошқа бирор олий таълим муассасаси ахборот хизматидан жавоб олмадик.
Қизиқ, матбуот котиблари ўзлари ишлаётган муассаса талабалари сонини билмайдими ёки бу маълумотни бергиси йўқми?