Совғага 1000 та китоб, қани эди бошқалар ҳам шундай қилишса!
Наманган вилояти, Уйчи тумани Уйчи шаҳарчасида жойлашган 40-умумий ўрта таълим мактабига, мактабнинг собиқ битирувчилари томонидан бугун эрталаб 1000 га яқин китоб совға тариқасида олиб борилди. Бу ҳақда шу туманнинг 40-мактабида мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаётган Баҳромжон Мирзаев ўзининг твиттер ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар қолдираяпти.
"Битирган мактабингга китоб совға қил" акциясини ўтказяпмиз. Натижа кутилганидан ўн баравар яхшироқ. 100-150 та китоб келса катта гап дегандим. Эрта тонгдаёқ 1000 дан ортиқ китоб олиб келишибди. Қойил. Ўзи мактабимиз кутубхонасида жами 1400 та китоб бор эди".
Шу ишнинг тафсилотини билиш учун Баҳромжон Мирзаев билан боғландик. Унинг сўзларига кўра ҳозирги кунда тумандаги 26-мактаб янгитдан қайта қурилаётгани туфайли унда таълим олаётган ўқувчилар Уйчи шаҳарчасидаги Б. Мирзаев ишлаётган 40-мактабга вақтинчалик кўчиб ўтишган ва "битирган мактабингга китоб совға қил" тадбирини ана шу иккита, 40 ва 26-мактаблар биргаликда ўтказаяптилар.
Б. Мирзаевнинг сўзларига кўра 1000 дан ошиқ китоб ушбу иккита мактаб битирувчилари томонидан эрталабни ўзида олиб келинган. Китоб келиши яна давом этаётган экан. Қизиғи, мактаб кутубхонасида шу пайтгача бор йўғи 1400 дона китоб бўлган. Бир кунлик акцияда яна 1000дан ортиқ китоб совға қилиниши бу ўқувчилар учун яхши совға бўлади. Умид қиламиз мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги мактабларнинг собиқ битирувчилари ҳам уйчилик китобсеварлардан албатта ўрнак олишади.