Сохта авиачипталарни сотиб, 38 нафар фуқарони чув туширган фирибгарлар ушланди

Қарши шаҳрида жойлашган МЧЖ ижрочи директори, 33 ёшли Л.Э., шу МЧЖ таъсисчиси 32 ёшли И.М. ва ғазначиси, 47 ёшли Ж.Ш.лар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2020 йил 8 январь кунидан 15 февраль кунига қадар бўлган вақт оралиғида фуқароларга “Қарши-Москва”, “Самарқанд-Москва” ва “Тошкент-Москва” йўналишлари бўйича авиарейслар учун ноқонуний, рўйхатдан ўтмаган чипталарни сотишган.

38 нафар фуқароларнинг жами 75.284.476 сўм миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ушбу пулларни ўзларининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганликлари аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Қарши шаҳри бўйича ИИО ФМБ 2-ИИБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.