SpaceX компанияси космик сайёҳларни орбитага олиб чиқмоқчи

Жорий йилнинг тўртинчи чорагида Crew Dragon космик кемасини "дунёда биринчи бор тўлиқ тижорий экипаж билан" орбитага юбориш режалаштирилмоқда, дея маълум қилди Америка SpaceX космик технологиялар ишлаб чиқарувчи компанияси.

Inspiration 4 деб номланган миссияда парвознинг тўрт иштирокчисидан бири Shift4 Payments асосчиси Жаред Айзекман бўлади. Шу ой охирига қадар исмлари эълон қилиниши кўзда тутилган қолган уч жой кимга насиб қилиши аниқ эмас.

37 ёшли тадбиркор ва ишқибоз-учувчи миссия ҳақини тўлиқ тўлади. Тўлов миқдори ҳақида маълумот берилмаган. Шунингдек, у космос парвозидан фойдаланиб, Мемфис (Теннесси штати)даги Ct.Jude Children’s Research Hospital болалар касалликлари, асосан болалар онкологик касалликларига ихтисослашган касалхона учун 200 миллион доллар хайр-эҳсон йиғишни мўлжаллаган. Болалар шифохонасига хайрия қилган ҳар бир киши экипаж аъзоси бўлиши мумкин.

Айзекманнинг сўзларига кўра, хайриядан тушадиган жами пул миссия баҳосидан сезиларли даражада ошиб кетади.

SpaceХ асосчиси Илон Маскнинг айтишича, парвоз икки кундан тўрт кунгача давом этади. "Бу барча учун космосни очиш йўлидаги муҳим воқеа", деди у матбуот анжуманида.

Парвоздан олдин миссиянинг барча экипаж аъзолари SpaceX компаниясида пухта тайёргарликдан ўтишлари керак бўлади.

Космик кема Флорида штатидаги Канаверал бурун космодромидаги учириш майдонидан Falson-9 ракетасида учирилади. Миссия тугагандан сўнг, Crew Dragon Флорида соҳилларида сувга юмшоқ қўнишни амалга оширади, дея хабар беради SpaceX.

Г.Холдорова тайёрлади.