Спорт муассасаларида бюджет маблағлари турли йўллар билан талон-торож қилингани аниқланди
Бош прокуратура 2019-2021 йилларда Ўзбекистон спортига ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ўрганилганини ва ўрганиш жараёнида кўплаб талон-торожликлар аниқланганини маълум қилди.
Унда 464 та спорт муассасаларида жами 27 млрд. сўм зарар аниқланиб, унинг 10 млрд. сўми ундирилган. Бюджет маблағлари турли йўллар билан талон-торож қилинган.
Биринчидан, ҳудудий спорт муассасалари томонидан 20 ҳолатда 8 млрд. сўмлик маблағлар иш ҳақи ва бошқа тўловлар сифатида ўзлаштириб олинган.
Мисол учун, Фарғона олимпия захиралари коллежи бош ҳисобчиси жами 4,3 млрд. сўм маблағни ўзига иш ҳақи сифатида олиб, талон-торож қилган.
Иккинчидан, спорт муассасаларини қуриш-таъмирлаш ишларида 25 ҳолатда 10 млрд. сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилган.
Учинчидан, спорт-таълим муассасаларини жорий таъмирлаш учун ўтказилган танловларда 72 та коррупциявий ҳолатларга йўл қўйилган.
Масалан, Бухоро олимпия захиралари коллежини жорий таъмирлаш учун танловда таъсисчиси Б.Қ. бўлган 4 та корхона қатнашиб, уларнинг биттаси ғолиб деб топилган.
Тўртинчидан, спорт жиҳозлари 8 ҳолатда 4,2 млрд. сўмга қиммат нархларда сотиб олиниб, маблағлари талон-торож қилинган.
Бешинчидан, ўтказилмаган ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилганлиги ҳақида 10 ҳолатда ҳужжатлар сохталаштирилиб, 4,3 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилган.
Қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 1 150 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган, 431 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқи тикланган ҳамда 66 та жиноят иши қўзғатилган.