Спорт хабарлари
Самбо
Андижон шаҳрида 2003-2004 йилларда туғилган ёш самбочи ўғил-қизлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси ўтказилди.
Беллашувларда республикамизнинг барча ҳудудларидан келган 250 нафардан ортиқ спортчилар гиламда куч синашди. Чемпионат якунига кўра, вилоятимиз жамоаси аъзолари 10 та медалга эга чиқди. Жумладан, Шаҳбоз Ҳалимов ва Эъзоза Абдумўминова ўз вазн тоифасида олтин медаль билан тақдирланди. Фариз Ходжимаматов ва Норбиби Шодиева кумуш, Исмигул Абрайева ва Сарвиноз Ҳамроқулова бронза медалларига сазовор бўлди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг диплом ва эсталик совғалари билан тақдирланди.
Жавҳар ЖАББОРОВ.
Жеет куне-до
Каттақўрғон туманида спортнинг жеет куне-до тури бўйича ўсмирлар ва катталар ўртасида вилоят очиқ биринчилиги ўтказилди. Унда вилоятимизнинг шаҳар, туманларидан, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидан 120 нафардан ортиқ спортчилар ўзаро баҳс олиб борди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида каттақўрғонликлар биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринлар Жиззах ҳамда Қашқадарё вилояти спортчиларига насиб этди.
Ушу
Самарқанд шаҳрида спортнинг анаъанавий ушу тури бўйича ёшлар ва катталар ўртасида вилоят очиқ биринчилиги бўлиб ўтди. Унда самарқандлик ушучилардан ташқари, Тошкент, Сирдарё, Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятларидан 150 нафардон ортиқ спортчилар баҳсга киришди.
Якунда умумжамоа ҳисобида вилоятимиз вакиллари биринчи ўринга созовор бўлди. Сурхондарё ва Тошкент вилояти жамоалари иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритди.
Акробатика
Самарқанд шаҳрида спорт акробатикаси бўйича ўсмирлар ўртасида олий тоифали тренер-ўқитувчи, халқ таьлими аълочиси Вячислав Хомяков хотирасига бағишланган вилоят очиқ биринчилиги ўтказилди.
Вилоятимиз ҳамда жиззахлик 150 нафарга яқин ёш акробатлар беш йўналиш бўйича ўғил ва қиз болалар жуфлиги, аралаш жуфтлик, ўғил болалар ва қизлар алоҳида гуруҳларда беллашди.
Барча йўналишлар бўйича Самарқанд шаҳри акробатлари биринчи ўринни эгаллади.
Кураш
Ургут туманида ўсмирлар ўртасида миллий кураш бўйича туман биринчилиги мусобақаси бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси ижросини таминлаш мақсадида ташкил этилган беллашувда туманнинг барча ҳудудидан ёш курашчилар ғолиблик учун гиламга чиқди.
Мусобақа якунида тумандаги 11-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ғолиб бўлди.
Садриддин МУҲАММАДИЕВ.