Спорт хабарлари: Самарқандда енгил конструкцияли ёпиқ муз қопламали майдонлар қурилади

Президентимиз шу йилнинг 4 февралдаги “Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистонда қишки спорт турларини 2020-2023 йилларда ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди.

Тасдиқланган қарор ҳамда дастур ижроси юзасидан вилоятда ҳам чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Унга кўра, Самарқандда қишки спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш, вилоят спортчиларини халқаро спорт мусобақалари, жумладан,  Хитойнинг Пекин шаҳрида 2021 йилда бўлиб ўтадиган қишки Осиё ўйинлари ҳамда 2022 йилда ўтказиладиган XXIV қишки Олимпия ўйинларига тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди ва ушбу мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш учун зарурий чоралар кўрилмоқда.

2020-2023 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида Самарқандда халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий спорт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган енгил конструкцияли ёпиқ муз қопламали майдонлар қурилади.

Вилоятда қишки спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилади. Яъни, 1-босқич туман ва шаҳарлар миқёсида, 2-босқич ҳудудлар миқёсида ва 3-босқич республика миқёсида. Шунингдек, давлат спорт таълим муассасалари спортчилари ўртасида қишки спорт турлари бўйича ҳудудий, республика ва халқаро ўқув машғулотлари ўтказилади.

Вилоятда мавжуд спорт инфратузилмасини инобатга олган ҳолда давлат спорт таълими муассасаларида спортнинг қишки турлари, айниқса, конькида фигурали учиш, шорт-трек, кёрлинг, хоккей турлари бўйича бўлимларни ташкил этиш бўйича жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Вилоятдаги спорт мактаблари тарбияланувчилари ўртасида турлди давра суҳбатлари, шоулар, онлайн мулоқотлар, маҳорат дарслари ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида давра суҳбатлари ташкил этилади.

Дастур ижросига мувофиқ қишки спорт турларини ривожлантириш сарф-харажатлари вилоят маҳаллий бюджети, спорт федерациялари (уюшмалари), клублар, хорижий инвесторлар, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари маблағлари ҳисобидан қопланади.