Оқдарёлик спортчининг ота-онасига вилоят ҳамда туман ҳокимликлари номидан ташаккур изҳор этилди

Яқинда Беларуссиянинг Минск шаҳрида ўтказилган юнон-рим кураши бўйича Гран-при мусобақасида Оқдарёлик Исломжон Баҳромов кумуш медални қўлга киритганди.

Келгуси йил Токиода ўтказиладиган Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун тайёргарлик кўраётган ушбу спортчи хонадонига борган Оқдарё тумани ҳокими Ф.Абилов бошчилигидаги туман жамоатчилик вакиллари Исломжоннинг ота-онасига вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

Эслатиб ўтамиз, 1995 йилда туғилган И.Баҳромов Қозоғистонда ўтказилган халқаро турнир ғолиби, Қирғизистондаги Осиё чемпионатида олтин медалга сазовор бўлган. 2013 йилда Монголияда Осиё чемпиони, 2015 йил Бразилияда ўтказилган жаҳон чемпионатида, 2017 йил Туркманистонда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида, Озарбайжонда бўлиб ўтган “Ислом бирдамлик ўйинлари”да 2-ўринни эгаллади ва Ўзбекистонда йилнинг энг яхши спортчиси, деб топилди. Жорий йилда эса у “Токио-2020” Олимпиадаси лецензияси учун катталар ўртасида рейтинг турнирида (63 килограмм вазнда) 1-ўринни эгаллади.

Оқдарё туман ҳокимлиги ахборот хизмати.