Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Спортни оммалаштириш қандай самара беряпти?

Кейинги беш йилда Самарқандда бошқа соҳалар қаторида спорт соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, 2016 йил 5262 та спорт иншоотлари хизмат кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 5654 тага етди. Шу йилнинг ўзида 401 та спорт иншооти (шундан 39 та мини футбол ва сунъий қопламали мини футбол майдончалари) бунёд этилди. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги “Суғдиёна” истироҳат боғида “Муз саройи” барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.

Ҳозирда вилоят бўйича Самарқанд ҳамда Тойлоқ олимпия захиралари, 4 та ихтисослаштирилган спорт мактаби, 1 та эшкак эшиш спорт мактаби, 21 та спорт мактаблари, 1 та футбол маҳорат мактаби ва 1 та “Динамо” ПФК футбол мактаби фаолият кўрсатмоқда.

30 та спорт муассасаларида спортнинг 48 тури бўйича спорт тўгарак (секция)ларига 28 минг нафар, умумий ўрта таълим мактабларида 27 спорт тури бўйича тўгаракларга 104 минг нафар ёшлар қамраб олинган.

Профессионал спортни ривожлантириш борасида 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ва XV Паралимпия ўйинлари вилоятимиздан 6 нафар спортчилар иштирок этган бўлса, 2021 йил 14 нафар спортчилар Токио (Япония) шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритди.