ССВ фуқароларни карантин қоидалари юмшатилгани туфайли хотиржамликка берилмасликка чақирди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугун кўча, бозор ва бошқа жамоат жойларида аксарият фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя қилмасдан, бепарволик билан, ўзаро масофа сақлаш ва ниқоб тақиш қоидаларини қўполлик билан бузиш ҳолатлари кўпайиб бораётганидан хавотир билдирмоқда.

“Ҳали давоси топилмаган, кейинчалик қандай асоратлар қолдириши, юқтирилгандан сўнг яна қайталанмаслиги шубҳа остида бўлган, қаршисида бутун дунё тиббиёти ожиз турган касалликка қарши ягона самарали чора ҳисобланган санитария қоидаларига амал қилмаслик, тиббиёт ниқобларни тақмаслик учун қанчалик бепарво бўлиш керак?!”, дейилади вазирликнинг фуқароларга мурожаатида.

Дунё тажрибасида кўринмоқдаки, ҳар қандай чекловдан кўра, одамлар орасидаги карантин маданияти коронавируснинг олдини олишда самаралироқ бўлиб қолмоқда.

“Мисол учун, 33 миллионга яқин аҳолиси бўлган Малайзияда август ойида касалланиш ҳолати 355 нафарни ташкил этган бўлса, сентябрнинг дастлабки ҳафтаси давомида бор-йўғи 37 нафарни ташкил этган, холос. Бунда аҳолининг онгли равишда ҳукумат ва шифокорларнинг тавсияларини сўзсиз бажариши муҳим аҳамият касб этмоқда. Уларда карантин тугаганига қарамай, жамоат жойларида ҳалиям масофа сақлаш, ниқоб тақиш, мақсадсиз кўчага чиқмаслик, катта тадбирлар ўтказмаслик одатга айланди”, дейилади мурожаатда.

ССВ карантин қоидалари юмшатилгани одамларни хотиржамликка эмас, аксинча, сергакликка чорлаши зарурлигини таъкидлаган:

"Ҳурматли ватандошлар! Президентимиз таъкидлаганларидек, бундан кейин пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт. Айни пайтда ўз саломатлигингизни асрашингиз, аввало, ўзингиз, сўнгра тиббиёт ходимлари ва мамлакатимиз учун қилган энг катта хизматингиздир. Оилангиз ва фарзандларингиз ҳаётига бефарқ бўлманг, яқинларингизнинг дард чекишига сабабчи бўлиб қолманг".