ССВ: Оилавий поликлиникалар ва фуқаролар ўртасида битим тузилади

Эндиликда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатувчи ташкилот ва унга бириктирилган фуқаролар ўртасида битим имзоланиши белгиланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли буйруқ қабул қилинди.

Унга кўра, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатувчи ташкилот ва унга бириктирилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилган чет эл фуқаролари, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар (вояга етмаганлар учун ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари) ўртасида тузиладиган битим шакли тасдиқланди.

Битимга кўра, аҳолига:

- соғлом турмуш тарзига риоя этиш;
- ўз тиббий саводхонлигини ошириш;
- шифокор кўрсатмаларига амал қилиш;
- профилактик ва скрининг кўриклардан белгиланган муддатларда ўтиш талаблари қўйилади.

Оилавий шифокор эса:

- аҳолини белгиланган тартибда қабул қилиш ва маслаҳат (ёки йўлланма) бериш;

- тиббий хизматларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ ҳажмда кўрсатиш;

- дори воситаларини тўғри тайинлаш;

- касалликларни эрта аниқлаш, соғломлаштириш тадбирларини амалга ошириш каби мажбуриятлар юклатилади.

Битимларни имзолаш 2024 йил 1 декабрдан Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳридаги давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда амалга оширилиши бошланди.

Мазкур чора-тадбирлар давлат тиббий суғуртаси механизмлари 2025–2026 йилларда босқичма-босқич жорий этиладиган Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2025 йил 1 январдан бошлаб бажарилади, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.