ССВ: Ўзбекистонда коронавирусга қарши қатъий чоралар кўрилиб, назорат кучайтирилди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакатимизга коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан видеоселектор йиғилишини ўтказди.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадмонов коронавирус инфекциясининг Ўзбекистонга четдан кириб келишининг олдини олиш бўйича тегишли ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилиши зарур бўлган  вазифалар ва белгиланган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, жаҳондаги эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда юртимизда юқумли касалликлар, жумладан, коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларидаги мавжуд 53 та санитария-карантин пунктларида қатъий назорат ўрнатиш, бунда мутасадди вазирлик ва идораларининг янада ҳушёрлигини ошириш ва тезкор эҳтиёт чораларини кўриш масалалари юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида бўлиб ўтган видеоселекторда чегара-божхона постларига қўшимча равишда тегишли соҳа мутахассисларини ажратиб, улар томонидан касаллик қайд этилган мамлакатлар билан бир қаторда учинчи давлатлар орқали келаётган фуқароларнинг яшаш манзилларини аниқ белгилаб, уларни уйда ёки ётоқ жойларида 14 кунлик карантинга олиш тадбирлари қатъий олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, шу кунгача мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмади. Юртимизда ушбу инфекцияга қарши зарур барча эҳтиёт чоралари кўрилмоқда. Назорат ҳар қачонгидан ҳам кучайтирилган. Шунинг учун вазирлик аҳолидан ортиқча хавотирга тушмаган ҳолда шахсий гигиена қоидаларга қатъий риоя қилиб, ўзини ва яқинларини ҳимоя қилишлари, алоҳида зарурат бўлмаганда эса хорижга вақтинчалик чиқмасликларини тавсия қилади.