“Субсидия муаммолари чарчатди, шартнома қилинган, дастлабки тўлов тўланган, аммо уйимни ололмаяпман”
“2022 йил 13 февралда уй жой учун субсидия хабарномаси олганман ва Самарқанд шаҳридаги “Agromir buildings” МЧЖ дан янги уй учун шартнома қилганман. 2023 йил январь ойи охирида уйим тайёр бўлганини, кадастр маълумотлари тайёрлигини ва банкдан кредит чиқаришим кераклигини айтишди.
Кредит олиш учун банкка мурожат қилганимда эса банк ҳодимлари субсидиямда муаммо борлигини маълум қилишди. Мен субсидияга ариза топширганимда Иштихон туманида доимий рўйхатда тургандим, аммо аризам Самарқанд шаҳридаги тегишли ташкилотлар ўрганиб чиққанлигини ва субсидия ажратилганини айтишди. Бу эса амалдаги тартибга зид экан. Мазкур ҳолатда молия вазирлиги менга кредит ажратмас экан. Шу қанчалик тўғри?
Самарқанд шаҳар ҳокимиятига борганимда эса бу хатолик ўрганиб чиқилишини ва субсидия муддати ўтса ҳам муаммо ижобий ҳал бўлиши, кутишимни сўрашди. Бу ерда яна шуни ҳам билдимки айнан меники каби муаммога дуч келганлар кўп экан.
Мана, икки ойдирки муаммомиз ҳал бўлгани йўқ. Уй учун бошланғич тўлов қилганман, уй тайёр, аммо масалага ечим йўқ. Ҳокимиятга борсак фақат ваъда беришяпти, Президент қабулхонасига мурожаат қилсак яна ҳокимият жавоб бераябди. Ҳокимлик “прописка” муаммоси борларни рўйхатини тузганда 400 дан ошиқ одам эканмиз. Демак, Самарқандда 400 дан ошиқ одам муаммоли субсидия туфайли ўз уйларини ололмай ҳалак бўлиб юрибмиз. Бу масалага ечим кўрсатадиган ташкилот борми?
Азиз Нишонов, Иштихон тумани, Бешариқ маҳалласи”.