Субсидиянинг кредитдан фарқи нима, уни олиш учун қандай ҳужжатлар керак?

Марказий банкнинг FinLit молиявий саводхонликни ошириш департаменти субсидиянинг кредитдан фарқи ва субсидия олиш учун қандай ҳужжатлар зарурлиги ҳақида маълумот берди.

Унда айтилишича, субсидиянинг кредитдан фарқи шундаки, у давлат томонидан маълум бир соҳаларни ривожлантириш ва рағбатлантириш мақсадида қайтариб олмаслик шарти билан ажратилади.

Аҳоли орасида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, бандликни таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш мақсадида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги мақсадлар учун субсидиялар ажратилади:

- «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз фуқароларга тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошлаш мақсадида асбоб-ускуналарни харид қилиш учун – 7 млн. сўмгача, хотин-қизларга 10 млн. сўмгача;

- тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтиб, энди фаолиятини бошлаётган ишсиз фуқароларга дастлабки 3 ой мобайнида ижара тўловини тўлаш учун БҲМнинг 10 бараваригача.

Субсидия олиш учун қандай ҳужжатлар зарур?

Субсидиянинг мақсади ва йўналишига қараб талаб этиладиган ҳужжатлар бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Масалан, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз фуқаролар субсидия олиш учун қуйидаги маълумот ва ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

- фамилия, исми ва отасининг исми;
- доимий яшаш манзили;
- паспорт серияси ва рақами (ID-карта рақами);
- «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»нинг бирида сотиб олинадиган асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларининг номи;
- сўралаётган субсидия миқдори;
- тадбиркор сифатида давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтганлиги.