Суд-ҳуқуқ тизимида шаффофликни таъминлашда журналистларнинг ўрни қандай бўлиши керак?

Ушбу соҳада ёритилаётган материалларда нега қуруқ ахборот ёки драматизм кучли? Фуқаролик жамиятини шакллантиришда ҳуқуқий журналистикани ривожлантиришнинг аҳамияти нечоғлик?

Тошкентда «Ўзбекистонда суд ҳуқуқ тизими ислоҳоти: ОАВда ёритиш” мавзусидаги семинар-тренингда ушбу ва бошқа саволларга жавоб изланди.

USAID ҳамда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан ўтказилган семинарда Республика ҳамда вилоятлардаги оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тренерлар Ё.Маматова, Б.Алимов Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотининг асосий йўналишлари, қонун устуворлиги, суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли ҳимояланиши кафолати бўйича долзарб вазифалар, фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришда ҳуқуқий журналистиканинг роли ва вазифалари хусусида назарий билим ва интерактив ўйинлар орқали машғулот ўтишди.

-  Суд-ҳуқуқ тизими оммавий ахборот воситалари орқали ёритилаётган бўлса-да, материалларнинг барчасини сифатли деб айтолмаймиз, - дейди Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази раҳбари Г.Бобожонова. - Соҳада ислоҳотлар олиб борилаяпти. Аммо судлар фаолияти қайсидир маънода журналистлар учун ёпиқлигича қолмоқда. Бу масалада журналистларнинг ҳуқуқий билими етарли эмаслиги панд беряпти. Ушбу семинар давомида айнан шу мақсадни, яъни журналистларнинг ҳуқуқий соҳадаги салоҳиятини ошириш, бу борада улар билиши лозим бўлган кўникмаларни шакллантиришни кўзлаганмиз.

Гулруҳ МЎМИНОВА.