Суд ҳужжатлари ижроси барча учун мажбурий
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналиши сифатида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлари бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган бешта устувор йўналишнинг иккинчи йўналишида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириб келинаётганлиги бунинг яққол исботи.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 28 июлда “Судлар тўғрисида”ги қонуни имзоланди. Ушбу қонуннинг 10-моддасида “Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт. Суд ҳужжатини ижро этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади”, деб белгилаб қўйилди.
Шунингдек, қонуннинг 9-моддасида “Судьялар мустақилдир, фақат қонунга бўйсунади. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди”, деб белгилаб берилди.
Қонуннинг 12-моддасида “Суд ишларини юритишнинг ошкоралиги” ҳақида бўлиб, унда барча судларда ишлар очиқ кўрилишлиги, ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилишлиги, суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда суратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин”лиги белгиланди.
Шунингдек, қонунда вилоят судларининг ваколатлари, туманлараро суд раисларининг вазифалари, судьяларнинг мақоми, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, судьялар мустақиллигининг асосий кафолатлари, судьяларни сайлаш ва тайинлаш, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, судьялар ва улар оила аъзоларининг моддий ҳамда ижтимоий таъминоти ҳақидаги нормалари белгилаб берилган.
Камол Намозов,
фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди раиси.