Суд Макронни юзига тарсаки туширган кишини тўрт ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди
Валансия суди Франция президенти Эммануэл Макронга тарсаки туширган Дамьен Тарелни тўрт ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди, деб хабар берди BFMTV.
Суд қарори билан у дарҳол жазони ўташни бошлайди.
Бундан ташқари, икки йил давомида у ишлаш ёки ўқитишга, шунингдек психологик ёрдам олишга ҳамда янги ҳуқуқбузарлик қилмасликка мажбурдир. Суд, шунингдек, Тарелга беш йил давомида қурол-яроғга эга бўлиш, шу даврда давлат лавозимларида ишлашни тақиқлади. Бундан ташқари, Франция президентига ҳужум қилган шахс уч йил давомида фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум қилинади.
Суд жараёнида у Макронга юзига тарсаки туширганини тан олди, аммо қилмишидан тавба қилмади.
Прокуратура 18 ойлик қамоқ жазосини талаб қилди. Томонлар ҳукмга эътироз билдиришига 10 кун берилди.
Ўтган сешанба куни Франциянинг жануби-шарқидаги Дром департаментига ташрифи чоғида Макрон йиғилганларни кутиб олиш учун панжара яқинига келди. Оломон орасидан бир киши президентга тарсаки туширди. Хавфсизлик хизмати тезда вазиятга аралашди. Натижада икки киши ҳибсга олинди. Иккинчи одам воқеани видеога олаётган эди. BFMTV хабар беришича, у чоршанба куни ҳибсдан озод қилинган. Аммо 2022 йилда судга чақирилади. Чунки тинтув пайтида унда қурол топилган.
Тарсаки ҳодисаси Франция сиёсатчилари, жумладан, мухолифат партиялар раҳбарлари томонидан қораланди. Макроннинг ўзи эса рўй берган воқеага аҳамият бермасликка чақирди ва французлар билан учрашувда давом этишини таъкидлади.