Суд раислари олис ҳудудларда қабул ўтказди
Самарқанд вилояти суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров Пахтачи ва Нарпай туманларида сайёр қабуллар ўтказди.
Бу ҳақда вилоят суди жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалар билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Вилоятнинг олис ҳудудлари ҳисобланган мазкур туманларда суд раислари аҳоли билан учрашув, давра суҳбати ва сайёр қабулар ўтказди. Фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар, суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлар шу ернинг ўзида батафсил муҳокама этилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. 34 та мурожаатнинг 17 таси ижобий ҳал қилинди. 17 кишига белгиланган тартибда ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Ташкил этилган сайёр судларда эса 12 нафар шахс (Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан) жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди. Маъмурий ишлар юзасидан 5 нафар шахсга нисбатан ишлар кўрилиб, енгиллик берилди.
Жумладан, Нарпай тумани Ноғорахона маҳалласида яшовчи Р.Юлдошев қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб хулоса чиқарганини баён қилиб, тайинланган озодликдан чеклаш жазосини енгиллаштиришни сўраб мурожаат қилди. Шу ерда ташкил этилган сайёр суд мажлисида унинг мурожаати қаноатлантирилиб, жазодан шартли озод қилинди.