Суданда БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури ходимлари ҳалок бўлди, мамлакатда қуролли тўқнашувлар давом этмоқда

Судандаги вазият кескинлигича қолмоқда. Бу орада, якшанба куни низолашаётган томонлар – армия ва тезкор куч вакиллари БМТнинг маҳаллий вақт билан соат 16:00 дан 19:00 гача ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш таклифига рози бўлди. Хартум ва бошқа шаҳарларда юз берган тўқнашувлар натижасида ўнлаб тинч аҳоли ҳалок бўлган. Юзлаб одамлар яраланган. Қурбонлар орасида БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг уч ходими ҳам бор.

Дастур директори Синди Маккейн можаро томонларини ходимлар хавфсизлигини таъминловчи ҳамда уларга Суданнинг муҳтож халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш имконини берадиган келишувга эришишга чақирди.

Артиллерия ва авиациядан фойдаланилган тўқнашувлар 15 апрель куни эрталаб бошланган. Кузатувчилар Судандаги можаро сабабини Тезкор ҳаракат кучларининг Судан қуролли кучлари таркибига интеграциялашуви ва бошқача айтганда, ҳукуматнинг ҳарбийлардан фуқароларга ўтиши борасидаги қарама-қаршиликлар сифатида келтирмоқда.