Судлар томонидан чиқарилаётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозим

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарори 4-бандида иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкин. Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Судланганнинг жиноят содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши, 5-бандида судларнинг эътибори, ЖПК 22-моддасига биноан иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат қонунда назарда тутилган тартибда тўпланган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш мумкинлигига қаратилиши белгиланган.

Суднинг қарорлари ЖПКнинг 26, 90 ва 455-моддалари талабига биноан фақат суд мажлисида текширилган ва суд мажлиси баённомасида ўз аксини топган далилларга асосланган бўлиши лозимлигини эътиборга олишлари керак. Суд ажримда, суриштирув, дастлабки тергов ёки бошқа суд мажлисидаги айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳларнинг кўрсатувларига, экспертларнинг хулосаларига ва тергов ҳаракатларининг баённомаларига, ЖПКнинг 443-моддасига мувофиқ, ушбу далилларга фақатгина суд мажлисида ўқиб эшиттирилган ва текширилгандагина ҳавола қилиниши мумкинлиги тўғрисида раҳбарлик кўрсатмаси берилган.

Президентимиз жорий йилнинг 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши кураш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида судлар чиқараётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозимлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари айтганидек, айрим судьялар тергов материалларига боғланиб қолгани рост. Бу эса қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказади.

З.АҲМЕДОВА,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.