Судья Навбаҳор Турсунова: “Қонунларимиз мукаммал ишлаб чиқилган. Фақат ҳуқуқий билимнинг етишмаслиги туфайли кўпчилик қийинчиликка дуч келяпти”

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра, мамлакатимизнинг бир гуруҳ фаол аёллари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси Навбаҳор Турсунова ҳам бор. У “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди.
– Аввало, сизни ушбу мукофот ва Хотин-қизлар куни билан табриклаймиз! Судьялик касбини танлашингизга нима сабаб бўлди? Бу соҳа аёллар учун қийин эмасми?
– Табрик учун катта раҳмат. Мактаб даврида ўқитувчиларимиз ўқувчилар ўртасида сўровнома ташкил этиб, уларнинг келажакдаги танлайдиган касби ҳақида сўрар эди. Мен доим “Журналист бўламан”, дердим. Бу сўровнома неча марта ўтказилган бўлса, ҳаммасида бир хил жавоб ёзганман. Журналистликни ижодга меҳрим бўлгани, ора-сирада шеър ёзиб турганим учун яхши кўрардим. Лекин отамнинг эътирозидан кейин мен ҳуқуқ соҳасини танладим. Ўз олдимга мақсад қўйдим: “Мен, албатта, судья бўламан!”.
Очиғи, бунга ота-онам қаршилик қилган. Чунки улар қиз боланинг бу соҳада ишлашини тасаввур ҳам қила олмас эдилар. Умуман олганда, аёллар учун судьялик қилишни қийин ва хавфли ҳисоблаганлар. 1999 йили Самарқанд давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ҳужжатларимни топшириб, грант асосида талаба бўлганимдан сўнг, ота-онам қароримни қабул қилишди.
Бугун жамиятнинг ҳеч бир соҳасини хотин-қизларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Менимча, бир соҳа аёлларга тўғри келмайди, бошқаси яхшироқ дейиш нотўғри. Суд тизимида хотин-қизлар сонининг кўпайиши мазкур тузилмада адолатнинг янада мустаҳкамланишини таъминламоқда. Чунки аёл нафақат судья, балки она ҳамдир. Шунинг учун у одамларни яхшироқ тушунади.
– Турмуш ўртоғингиз касбингизга қандай қарайди?
– Турмуш ўртоғим билан бир соҳада ишлаймиз. Иккимиз ҳам Самарқанд давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тугатганмиз. Улар менинг ишимга ҳеч қачон эътироз билдирмаганлар. Аксинча, менга доимо ёрдам беради.
Фарзандларим дунёга келгач, улар билан кўпроқ вақт ўтказиш, тарбияси билан шуғулланиш учун бироз муддат ишлашни хоҳламадим. Шу вақт ичида касб тақозоси туфайли турли вилоятларга тез-тез кўчиб ўтдик. Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон туманида дастлаб ФҲДЁ бўлими инспектори, кейинчалик раҳбар лавозимларида ишладим. 2016 йилда Самарқандга келдик, бир йилдан сўнг Самарқанд шаҳар иқтисодий судида судья ёрдамчиси бўлиб ишладим. Бир муддат Иштихон шаҳрида ҳам судья бўлдим, 2021 йил январь ойидан Жомбой туманлараро иқтисодий судига раҳбарлик қилишни бошладим. Бу йил менинг беш йиллик ваколатим тугади. Бизнинг тизимимизда судьялар беш йиллик, ўн йиллик ва муддатсиз муддатга тайинланади. 2024 йил декабрь ойида Судьялар олий кенгашининг қарорига асосан ушбу лавозимга қайта тайинландим.
Ишдан кейин уй юмушларини бажаришга ҳам вақт топаман. Барча ишим учун вақтимни тўғри тақсимлаганман. Кўп ҳолларда аёллар кун давомида қиладиган ишларни мен ишдан кейин бажараман. Бу ҳолатга турмуш ўртоғим ҳам, болаларим ҳам кўникиб қолган. Қолаверса, қариндошлар ва тўй-ҳашамларга бориб, уларнинг ҳолидан хабар олишга ҳам вақт ажратамиз. Вақт тўғри тақсимланган бўлса, ҳеч ким сиздан шикоят қилмайди.
– Сизнингча, аёл замондан бир қадам олдинда юриши учун қандай хислатларга эга бўлиши керак?
– Бугунги кун аёли жамиятнинг қайси соҳаси, қайси тармоғига мансуб бўлишидан қатъий назар, замон билан ҳамнафас бўлиши учун ўқиб-изланиши ва билим савиясини мунтазам ошириб бориши керак. Билим, меҳнат ва қобилият ҳамма жойда муҳим.
Ўз мисолимда айтадиган бўлсам, ҳар қандай ҳуқуқшунос судья бўлиши мумкин, аммо раҳбарлик бошқа масала. Раҳбарликда масъулият икки баробарга ортади. Сизнинг ишхонангиз иккинчи уйингизга айланади. Вазифани садоқат билан бажариб, соҳада ҳурмат ва эътибор топишингиз мумкин.
– Ҳаётдаги шиорингиз нима?
– Ҳаётдаги шиорим – "Меҳнат, меҳнатнинг таги роҳат!". Мен ўзимни масъулиятли ва ватанпарвар инсон деб биламан. Чунки менга бирор вазифа берилса, уни тезроқ бажариш учун бор имкониятимни ишга соламан. Ҳеч қачон меҳнатдан қочиш йўлини изламайман. Қилаётган ишим замирида натижа бўлишини биламан. Балки кимлардир меҳнатни ўз вақтида қадрламас, лекин мен ҳар доим ўз бурчимни чин юракдан бажараман ва ходимларимни ҳам шундай қилишга чақираман.
– Иқтисодий суд мисолида, бугунги кунда сиз гувоҳи бўлаётган аёлларнинг қандай муаммолари бор? Улардан қайси турдаги мурожаатлар кўпроқ келади?
– Бугун жойларга бориб, раҳбарият қабулларида қатнашганимда, тадбиркор аёлларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги етарлича эмаслигига гувоҳ бўламан. Бу менинг шахсий фикрим. Ҳуқуқий билимнинг етишмаслиги туфайли кўпчилик қийинчиликларга дуч келмоқда.
Бизнинг қонунларимиз мукаммал ишлаб чиқилган. Бизга келиб тушаётган мурожаатлар қонун доирасида тўлиқ амалга оширилганида, ҳеч қандай муаммо юзага келмас эди. Қонунга риоя қилмаслик, уларни билмаслик ёки тадбиркорларнинг била туриб лоқайдлик қилиши оқибатида уларнинг иши судгача бориб етяпти. Аҳоли, айниқса, хотин-қизларимизнинг билим савиясини ошириш борасида Олий суд ва вилоят ҳокимлиги томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биз қабул қилинган янги қонунлар ҳақида туманимиз миқёсида аҳолига ўз вақтида маълумот беришга ҳаракат қиляпмиз.
Давлатимиз раҳбари айтганларидек, бугун ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки унинг фаол иштирокчиси ва ташаббускори ҳисобланади. Бу эса биздан доимий равишда малака оширишни, сиёсий жараёнларда ўз билимларимиздан унумли фойдаланиб, уларда фаол иштирок этишни талаб қилади. Биз, аёллар аждодларимиз – Тўмарис, Бибихоним ва бошқа улуғ зотларга муносиб бўлишимиз керак.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Шаҳзод Кенжаев суҳбатлашди.