Аёлнинг зийнати - маърифат

Гарчи баҳор бу йил қорли келган бўлса-да, аммо кўкламга, яшилликка интиқлик табиатга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Баҳорнинг илк кунлари кенг миқёсда нишонланадиган Халқаро хотин-қизлар куни арафасида эса қуёш чарақлаб, барчага байрамона кайфият улашди.
Бу йил байрам илм-маърифатга уйғун анжуманлар билан бошланди. Таълим муассасаларида, турли корхона ва ташкилотларда маънавий тадбирлар, олималар билан учрашувлар ўтказилди. “Илмли аёл – жамият кўзгуси” шиори остидаги машваратлар шунчаки эмас, ёшларни руҳлантирадиган, уларнинг мақсадларига таъсир этадиган даражада кўтаринкилик билан ўтказилди. Жомбойлик 14 ёшли Наргиза Муҳаммадиеванинг бир неча кун аввал “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида юқори ўринни эгаллаб келгани ҳақидаги хушхабар шу маърифий учрашувларга мутаносиб келди. Самарқанд академик олималар етиштириб берадиган заминга айланиши ният қилинди.
Шунингдек, байрам арафаси ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ҳолидан хабар олинди, фахрийлар эъзозланди. Турли соҳаларда фаолият юритувчи, шароити оғир хотин-қизлар учун Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига саёҳатлар уюштирилди.
Вилоятнинг асосий тантаналари ҳам маърифий анжуман, яъни хотин-қизларнинг театрга ташрифи билан бошланди. Вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан ижро этилган “Ўжар қайнона” спектакли тадбир иштирокчиларини ушбу асарни оилавий яна бир бор томоша қилиш керак, деган хулоса билан кетишига туртки берди.
Асосий тантаналарда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирокчиларни, улар тимсолида вилоятнинг барча хотин-қизларини байрам билан табриклар экан, нутқининг аввалида асосий урғуни маърифатга қаратди.
- Оилада ўғлингни ўқитсанг, бир кишига таълим берган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун жамиятни ўқитасан, деган фикр бежиз айтилмаган, - деди ҳоким хотин-қизлар ўз табригини етказар экан. – Ҳақиқатан ҳам аёлнинг маърифатли бўлишида ҳикмат кўп. У илми, маънавияти билан жамиятга нафи тегиши баробарида оиладаги соғлом муҳитни ҳам асрай олади. Ўғли ва қизи таълим-тарбиясидаги эътибори ҳам бошқача бўлади. Бугун вилоятда хотин-қизлар эришаётган натижалар, ютуқлар салмоқли. Фидойилик билан ўз ишини виждонан бажараётган аёллар меҳнатини қадрлаш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Анжуманда мана шундай фидойи, турли соҳаларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Шунингдек, яна бир гуруҳ аёлларга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони тантанали топширилди.
- 58 йил мактабда рус тили ва адабиётидан дарс бердим, ҳозир ҳам уйда ўқувчиларга ўз фанимни ўргатиб келаман, - дейди Пахтачи туманидан келган меҳнат фахрийси Римма Надиршина. – Ўқитувчига нисбатан илоҳий бир кишидек қараш аслида давр билан боғлиқ эмас, бевосита ўқитувчининг ўзига боғлиқ. Турли асрлар рус адабиётини ўтар эканман, кўпчилик менга худди ўша асрдан кириб келгандай туюласиз, дерди. Ҳа, ҳар бир ўқитувчи ўз фанини севиб, ҳурмат қилиб ўтсагина ўқувчида ўша фанга ҳам, ўқитувчига ҳам ҳурмат бўлади.
- Байрам анжумани спектакль билан бошланиши яхши ташаббус бўлди, - дейди “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси Мўътабар Йўлдошева. – Биз бу амалиётни туманларда ҳам, чекка қишлоқларда ҳам тарғиб қилишимиз, ташкиллаштиришимиз керак.
Тантанали кечага самарқандлик ва пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорларнинг куй-қўшиқлари баҳорий кайфият ва шодлик улашди.
Г.МЎМИНОВА.