Аёл бор жойда адолат бўлади

Бу йил хотин-қизлар қутланадиган баҳор айёми ёмғирли кунлар билан бошланди. Ёмғирни кайфияти учун яхши кўрадиган аёллардан фарқли равишда уни эл-юрт ризқи деб қараб, бу табиат неъматига шукрона айтадиган аёллар сони кўпроқ.
Бу йил вилоят миқёсида ўтказилган байрам тадбирларида ана шундай, эл ризқ-рўзи учун жон куйдирадиган, оиласидаги меҳр чироғини ёритиб, фарзандлари тарбияси-ю камоли йўлида бор имконини ишга солаётган аёллар иштироки таъминланди.
Турли соҳаларда меҳнат қилиб, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшаётган, жамоада ҳурматга сазовор бўлган, оиласи хотиржамлигини таъминлаб, қўни-қўниларига ибрат бўлган хотин-қизлар жамланган асосий байрам тадбири ўзгача шукуҳда ўтказилди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов йиғилганлар, улар тимсолида самарқандлик барча хотин-қизларни байрам билан қутлади.
- Бугун аёл, она деганимизда шиддат билан ривожланаётган мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида биринчилар қаторида янгиликларни амалга ошираётган, оиласи хотиржамлиги учун фидо бўлаётган мўътабар оналар, опа-сингиллар кўз олдимиздан ўтади, - деди Э.Турдимов. – Мамлакатимиз раҳбари бошчилигида ҳар йили хотин-қизларнинг таълим олиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, қолаверса ижтимоий ҳимояси йўлида қатор янгиликлар амалга оширилмоқда, улар учун барча жабҳаларда шарт-шароитлар яратилмоқда. Бугунги кунда вилоятдаги юзлаб ташкилотларни хотин-қизлар бошқармоқда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда 200 нафарга яқин, тиббиёт муассасаларида 4 минг нафар шифокор аёл фаолият кўрсатмоқда. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Мен доим таъкидлайман, аёл раҳбарлик қилаётган ташкилотда адолат, озодалик, ишга нисбатан масъулият ҳукмрон бўлади.
Анжуман давомида вилоятдаги бир гуруҳ аёлларга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топширилди. Шунингдек, турли соҳаларда меҳнат қилиб, эл-юрт корига яраётган хотин-қизларнинг бир гуруҳига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
- “Мўътабар аёл” нишонига сазовор бўлиш ҳар қандай эътирофдан юксак бўлса керак, - дейди Қўшработ тумани “Янги қишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари Новвотой Шодиева. – Мен бир неча йиллардан буён маҳаллада ишлаб келаман. Шу йиллар давомида аёлларнинг саломатлиги, моддий аҳволи, иш билан бандлиги масалалари тизимли ўрганилаётгани ва бу ўрганишлар қоғозда қолиб кетмай, амалда ҳам уларга зарур ёрдам ва тавсиялар берилаётганида бевосита иштирок этмоқдамиз. Ёшим 70 га яқинлашган бўлса-да, бундай ўзгариш ва янгиликлар мени янада шижоат билан ишлашга рууҳлантириб туради.
Байрам тадбири пойтахтдан келган ҳамда самарқандлик санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар ҳамда рақслар билан ўзгача файзли ўтди.
Гулруҳ Мўминова.
Бахтиёр Мустанов.