Сурхондарё вилояти ҳокимининг саломатлиги тўғрисида ёлғон хабар тарқатганларга қонуний чора кўрилди
“Сурхондарё вилояти ҳокимининг саломатлиги тўғрисида ёлғон хабар тарқалгани ҳолати вилоят прокуратураси томонидан тезкорлик билан назоратга олиниб, ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши таъминланди.
Текшириш натижасида ушбу хабарни тарқатган фуқаро Д.О. эканлиги аниқланган, деб хаб берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
“Ҳақиқатчи блогерлар” аккаунтини юритувчи Д.О. 1971 йилда Сариосиё туманида туғилган. Буни қарангки, унинг маълумоти олий бўлиб, Самарқанд тиббиёт институтини тамомлаган. Сариосиё тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлимида шифокор-кардиолог бўлиб ишлайди. Сариосиё туманининг Шарғун шаҳрида жойлашган поликлиникада ҳам даволовчи шифокор сифатида фаолият юритади.
Текширишда фуқаро Д.О. ушбу хабарни унга вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимидан олганлигини маълум қилиб, ушбу аёлнинг исмини айтмаган. Бегона аёл ўз телефон рақамидан 24 июль куни соат 08:00ларда қўнғироқ қилиб, аввалига муаммолари ҳақида айтган. Кейин эса гўё Сурхондарё вилояти ҳокими вафот этганлиги ҳақида билдирган.
Шу пайтнинг ўзида Д.О. ўзининг “Redmi NOTE 9” русумли телефон аппаратида ушбу ёлғон (расмий тасдиқланмаган) хабар тўғрисида пост тайёрлаб Facebook” ҳамда Телеграм ижтимоий тармоғидаги саҳифаларига жойлаштирган.
Текширувда тўпланган ҳужжатлар 2020 йил 24 июлда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 40-(туҳмат) ва 46-моддаси (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш) билан Узун тумани маъмурий судига юборилган ва суднинг шу кундаги қарори билан ҳуқуқбузар Д.О.га нисбатан баъзавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Иш бўйича далил тариқасида олинган “Redmi NOTE 9” русумли уяли қўл телефони маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроли сифатида давлат фойдасига мусодара қилинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Г.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 40-моддаси (туҳмат) билан маъмурий иш қўзғатилиб, тегишли суд органига юборилган.
Сўз эркинлиги конституциявий кафолатланган. Аммо у бошқаларнинг қонун билан ҳимояланган ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказмаслиги зарур.