Сувоқчи, ҳайдовчи ва новвой чемпионлар сафида
Каттақўрғон шаҳридаги Зомин маҳалласи ёшлари "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида ўтказилган спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришяпти.
- Ўзим оддий уста - сувоқчиман, - дейди Сарваржон Ибодуллаев. – Маҳалламизда уюшмаган ёшлар бирлашиб, мактаб спорт залида баскетбол билан шуғулланиб турардик. "Беш ташаббус олимпиадаси"да қатнашиб, республика босқичида ғолиб бўлдик ва мукофот сифатида "Воркаут майдончаси" қуриб берилди.
- 2022 йилда ўтказилган олимпиаданинг биринчи босқичида турли ҳунар эгаларидан иборат ёшлар жамоаси стритбол спорт тури бўйича республикада иккинчи ўринни эгаллади, - дейди маҳалла ёшлар етакчиси Умиджон Тойиров. – Натижада маҳалла ҳудудида "Воркаут майдончаси" қуриб берилди. Шунингдек, шу йил иккинчи мавсумда маҳалламиз ёшларидан бири Фирдавс Рўзиев стрит-воркаут йўналиши бўйича республикада биринчи ўринни қўлга киритиб, универсал спорт майдончаси қуриб берилишига сабабчи бўлди.
Аҳамиятлиси, ҳар иккала майдонча ҳам маҳаллада жойлашган 8-мактаб ҳовлисида бунёд этилди.
- Мактабимизнинг ёпиқ спорт зали нафақат ўқувчилар, балки маҳалла аҳли учун ҳам хизмат қилади, - дейди мактаб директори Азизжон Ваҳобов. – Натижада маҳалланинг уюшмаган ёшлари спорт мусобақалари ғолибларига айланяпти. Уларга раҳмат. Мактабимизда 2 гектар ер майдони бор. Ёшларимиз қанча ютуққа эришса, улар учун спорт майдончалари қуриб бериладиган бўлса жой топилади.
Каттақўрғон ёшлари "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасидаги мусобақаларда эришган ютуқлари натижасида шаҳарда жами 10 та спорт майдончаси барпо этилди ва йилдан-йилга улар сонини кўпайтириб бориш мақсад қилинган.
Тўлқин Сиддиқов,
Ҳусан Элтоев.