Табиатни асраш фақат экологлар вазифаси эмас, жамоатчилик иши

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Алишер Раимжонов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.

Бошқарма бошлиғининг айтишича, жорий йилнинг биринчи ярмида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ўтказилган профилактика тезкор-рейд тадбирларда 2884 нафар мансабдор шахс ва фуқароларга 1 миллиард 578 миллион сўм жарима солиниб, 1 миллиард сўмдан ортиғи ундирилган. 172 ҳолатда табиатга 407 миллион 514 минг сўм зарар етказилгани аниқланиб, 127 нафар фуқаро ва мансабдор шахслардан 366 миллион 706 минг сўм ундирилди. 

Вилоят ҳудудидаги иккиламчи хомашёни 20 та қабул қилиш шохобчасининг 8 таси ноқонуний фаолият кўрсатаётгани сабабли ёпилган.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 7 нафар мансабдор шахсга 20 миллион 605 минг сўм жарима жазоси тайинланган. 3 нафаридан 3 миллион 675 минг сўм жарима суммаси давлат фойдасига ундирилган.

Юқоридаги рақамлар ва суммаларни ўқиб, бироз энсангиз қотгандир. Аммо бу биз яшаётган жамиятда, табиатда кузатилаётган жараён. 

Бошқарма бошлиғининг “Табиатни асраш фақат экологлар вазифаси эмас, балки жамоатчилик иши” деган гапида жон бор.

Эътибор беринг, мансабдор шахс жумласи бериляпти. Наҳотки улар қонунни, қоидани, бугунги кун талабини билса-да унга амал қилмаяпти? Балки жарима қўллаш билан кифояланмасдан, уларни жамоатчилик олдида ҳисоб беришга чақириш вақти келгандир.

Бошқарма хайрли ишга ҳам бош бўлган. 2021 йил баҳорги кўчат экиш мавсумида вилоятнинг шаҳар ва туман марказлари ва аҳоли пунктлари, автомобиль йўллари четига, фермер ҳўжаликлари ер майдонлари атрофида 12 мингга яқин кўчат экилибди. 

Бу албатта қувонарли. Лекин жойларда дарахт кесилиши, табиатга зиён етишининг олдини олишда сизу биз бирдамликда ҳаракат қилишимиз лозим.

Ҳусан Элтоев.