Тадбиркорлар ўзларига тегишли бино пештоқларига илинган ёзувларнинг нега чет тилида ёзилганини тушунтириб беролмади
“Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 10-моддасига кўра, корхона, муассаса, ташкилот ва жамоа бирлашмаларида иш юритиш тўлиқ давлат тилида бўлиши керак. Агар жамоада ўзбек тилини билмайдиганлар кўпчиликни ташкил этса, давлат тили билан бир қаторда, яъни аввал давлат тилида, кейин бошқа тилларда иш юритиш амалга ошириш мумкин.
Бироқ бу борада Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган ишлар кўнгилдагидек эмас. Масалан, АТБ “Капиталбанк” Самарқанд филиали биносининг ички кириш майдонида ўрнатилган баннерлар ёзуви рус тилида. Маълум бўлишича, ушбу рекламаларнинг ўзбек тилидаги таржимаси йўқ экан. Демак, олдин таржима қилиб, аввал ўзбек тилига ўгирилган реклама ўрнатилиши, кейин ёнига бошқа тилдагисини қўйиш керак. Акс ҳолда бу қонунга зид.
Худди шунингдек, хонанинг вазифасини маълум қиладиган эшикларга осилган ёрлиқдаги ёзувлар олдин рус тилида, кейин ўзбек тилида берилган. Бизнинг эътирозимизга маъмурият "Ёзув ўзбекчада ҳам берилган-ку", деди. Бу ўринсиз. Гап шундаки, бу ҳолатда ҳам қонун талаби бузилган. Ёзув аввал ўзбек тилида берилиши керак, кейин бошқа тилда ҳам ёзилиши мумкин. Ушбу иборанинг маъносига яна бир бор эътибор берилса, қонун талаби аниқ ва қатъий қўйилгани маълум бўлади. Мазкур жумлада ўзбек тилида ёзилиши “керак”, бошқа тилда ёзилиши “мумкин” деган сўзлар ишлатиляпти. Яъни, ёзув ўзбек тилида бўлиши шартлиги таъкидланяпти. Бошқа тилда ҳам бериш мумкин дегани эса берса ҳам, бермаса ҳам қонун бузилмаслигини англатади.
“Иннова” номи билан машҳур “VERSAL Medikal” МЧЖ жамоаси аъзоларининг асосий қисми ўзбек тилини биладиган маҳаллий миллат вакилларидан иборат. Шунинг учун уларда давлат тилида иш юритиш муаммоси йўқ. Лекин мазкур жамиятда иш юритиш тўлиқ рус тилида олиб борилмоқда. Раҳбариятнинг маълум қилишича, жамият таъсисчиси россиялик экан. Муассиснинг бошқа миллатдан экани давлат тили ҳақидаги қонуннинг бажарилмаслигига сабаб бўлмайди. Шу билан бирга жамиятда давлат тилига бўлган айни муносабат Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс"нинг “Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш” деб номланган 42-моддасига биноан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Самарқанд шаҳрининг Беруний кўчаси одамлар гавжум жой. Кўчанинг икки томонида қатор савдо ва хизмат кўрсатиш расталари ўрин олган. Асосан хусусий тадбиркорларга тегишли бўлган дўкон ва турли хизмат кўрсатиш биноларининг пештоқларига илинган ёзувлар асосан чет тилида берилган. Дўкон эгалари ҳам, сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар, ҳатто харидорлар ҳам асосан маҳаллий миллат вакиллари бўлса, ёзувлар нега бошқа тилда берилишини тушунтириб берадиган тадбиркор топилмади. Гарчи суҳбатимиз давомида улар ўзбек тили нуфузи ва мавқеини ошириш учун нима қилиш керак бўлса рози эканликларини айтган бўлсада, ёзувларни ўз она тилларида бермаслик сабабини аниқ изоҳлаб беролмади. Бир тадбиркорнинг фикрларини эса ўринли эътироз сифатида қабул қилдик.
- Бу ёзувлар реклама ва дизайн билан шуғулланувчи корхоналарда тайёрланади, - деди у. - Агар улардан ёзувлар қонунга риоя этган ҳолда ёзилиши лозимлиги талаб этилса, бундай қоидабузарликнинг олди олинган бўларди. Биз қандай буюртма бермайлик улар қонун талаб этгани каби реклама ва ёзувларни белгиланган тартибда тайёрлаб беришади. Масалан, мана бу баннерни уч кун илгари олиб келиб ўрнатдим. Ёзувлар барчаси рус тилида. Агар улар бизга ёзувлар аввал давлат тилида, кейин рус тилида ёзилиши керак дейишса, рози бўлмай иложимиз йўқ. Ҳеч ким билиб туриб қонунни бузмайди.
Ҳақиқатан, реклама маҳсулотлари махсус корхоналарда ишлаб чиқилади ва, биринчи галда, у ердаги ходимлар қонун талаблари билан таништирилса, ёзувлар белгиланган тартибда ёзилишига эришиш мумкин ва қонун бузилиши олди олинади.
Бу каби ўрганишларимиздан хулоса шу бўлди: жойларда давлат тили қонунининг тўлиқ бажарилишини таъминлаш учун барчани сафарбар этиш ва бунда биринчи галда ОАВ орқали ташвиқот ва тарғибот ишларини кучайтириб, масалани ўрганиш натижаларидан халқни хабардор қилиб бориш керак. Токи давлат тилининг нуфузини ошириш юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг амалий ишига айлансин.
Суҳроб Эргашев,
Самарқанд шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.