Тадбиркорнинг ер участкасини ноқонуний олиб қўйган мансабдор Бизнес-омбудсман томонидан жазоланади
Шу пайтгача тадбиркорлик соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарлик келтириб чиқарадиган қонунбузилишлар бўйича ишлар асосан маъмурий судлар томонидан кўриб чиқиларди. Энди айрим ишлар бўйича ваколат Бизнес-омбудсманга ўтказилди.
Хўш, қайси ҳолларда, қандай чоралар кўрилади?
Янги тартиб 2022 йил 11 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 245-8-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунга асосан жорий қилинди.
Бунда МЖтКнинг 245-моддасига ўзгартириш киритилиб, 43-модда (тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари қисмида), 2002–модда (тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари қисмида), шунингдек, бошқа тегишли моддалар бўйича маъмурий ишларни кўриб чиқиш тааллуқлилиги бўйича туман (шаҳар) жиноят ишлари бўйича судлардан Бизнес-омбудсманга ўтказилди.
Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни (тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари қисмида) қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликка зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш (тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилиши қисмида) мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик олиб қўйилаётган ер участкасидаги биноларни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни ёхуд уларнинг қисмларини, мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати, шунингдек унинг мулкдорига бундай олиб қўйиш муносабати билан етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда бузиб ташлашга, уларга кўп бўлмаган миқдорда зарар етказилишига олиб келса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима солинади.
(Кўп бўлмаган миқдор деганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан 100 бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилади.)
Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликнинг арз қилувчидан мурожаатни қабул қилишни рад этганликда, давлат хизматлари кўрсатиш чоғида мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларини бузганликда, арз қилувчидан қонунчиликда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиб олганликда, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг қонуний талаби (топшириғи)ни бажармаганликда ифодаланган тарзда бузилиши мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш йўли билан уларга зарар етказиш, яъни мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш, номақбуллиги олдиндан аён бўлган шартларни мулкдорга мажбуран қабул қилдириш, шу жумладан мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз равишда талаб қилиш, шунингдек мулкдорнинг мулкини олиб қўйиш ёхуд уни ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлаш, оз миқдордаги талон-торож аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузиш, худди шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиқиш ва (ёки) ўтказиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан тадбиркорлик субъектларини пул маблағлари ҳамда бошқа моддий қимматликларни ажратиш билан боғлиқ ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни беришнинг белгиланган тартиби ҳамда муддатларини бузиш, шу жумладан лицензияларнинг ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг янги турларини қонунга хилоф равишда жорий этиш мансабдор шахслар ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Аброр Ибрагимов,
Бизнес омбудсманнинг Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи ходими.