Таҳририятга биринчи марта депутатга раҳматнома келди
Таҳририятимизга келаётган мактубларнинг ҳар бири рўйхатга олинади, тегишлилигича мухбирларга топширилиб, ўрганиш ва газетада чоп этиш учун тайёрланади. Хатларнинг мазмун-мундарижаси ҳам турлича. Адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий, илмий-оммабоп.
Шу ўринда таҳририятга 2018 йилда 2000 га яқин хат келгани ва уларнинг 1970 таси газетада чоп этилганини таъкидлаш лозим. Таҳририятга келаётган шикоят хатларининг ҳам салмоғи каттагина. Ушбу шикоят хатлари мухбирлар томонидан шунчаки телефон орқали эмас, албатта, жойига бориб ўрганилади, суриштирилади. Муштарийларга унинг жавоби газета орқали ёки шахсан етказилади. Ўтган йиллар давомида йиллаб ечилмаган муаммолар бўйича мактублар келар, одамлар адолат истаб охирги манзил сифатида таҳририятдан паноҳ изларди. Бу каби муаммоли мақолалар бир неча марта газета юзини кўриб, мутасаддиларнинг эътибори қаратилди, масала жойида, баъзида кейинроқ бўлса-да, ҳал этилди, баъзилари очиқлигича қолди.
Қизиғи, 2018 йилда таҳририятга келган шикоятлар 2017 йилдагига нисбатан 20 фоизга камайган. Нега деган саволга арзирли сабабларимиз бор. Аҳоли муаммолари жойида ҳал этилаётган ҳолатлар кундан-кун ортиб бораётир. Вилоят ҳокимига мурожаатларнинг анча енгиллашгани, яъни телеграм мессенжери ишга тушгани, халқ қабулхоналарининг фаолияти, ҳар бир ташкилот мурожаатга жиддий ёндашаётгани таҳририятдаги шикоятларнинг камайгани натижаси бўлса ажабмас.
Худди шу сабаблар таҳририятга миннатдорчилик мазмунидаги қўнғироқлар, мактублар келишига ҳам сабаб бўлмоқда.
Яна бир муштарийимиз қўнғироқ қилиш, мактуб ёзишга ҳам ишонмай айнан раҳматини билдириш учун Паст Дарғом туманидан келибди. "Илтимос, пуллик хизмат бўлса ҳам майли, шу миннатдорчилигимни чоп этинг", дейди у.
– Ишонасизми, иккита олийгоҳни тугатсам ҳам иш топишга қийналиб қолдим, – дейди Паст Дарғом тумани Алишер Навоий маҳалласида истиқомат қилувчи Зебинисо Эргашева. – Гап шундаки, бундан беш йил аввал ҳаётимиз ўз ўзанида кетаётган, яхши орзулар билан яшаётгандик. Аммо турмуш ўртоғимнинг кутилмаганда имконияти чекланиб қолиши осуда турмушимизга соя солди. Ишимни ташлаб, унга ва ёш фарзандларимга қарашимга тўғри келди. Яхши инсонларнинг ёрдами билан рўзғор тебратдик, ўзим ҳам меҳнатдан қочмадим. Бу орада фарзандларим улғайди. Энди ўз ишимга қайтай десам, рад жавобини эшитдим. Орадан олти йил ўтиб қўйганди-да. Иш сўраб мурожаат қилмаган жойим қолмади, аммо натижа йўқ. Буни қарангки, туман кенгаши депутати Ф.Исломованинг саъй-ҳаракати билан айни кунларда мактабда кимё фанидан дарс беряпман. 38 ёшимда Президентимизнинг таълим соҳасида олиб борган ислоҳотлари туфайли сиртқи бўлимга ўқишга кирдим. Тўғриси, ҳаётимдаги бундай яхшиликларни сўз билан таърифлаб беролмайман.
Таълим соҳасидаги ислоҳотлардан миннатдор ҳолда Нурободнинг чекка қишлоғи Ҳазармалидан Мукаррам Рўзимуродова шундай ёзади: "Олдинги йиллари бизнинг қишлоғимиздан олий таълим муассасасига кирувчилар деярли учрамасди. Аммо ўтган ўқув йилида қишлоғимизнинг ўн нафар ёшлари талаба бўлди! Бундан маҳалладошларимиз қанчалик фахрланганини билсангиз эди…"
– 2004 йилдан буён ҳал этилмаган муаммом шу йил ҳал бўлди, – дейди Каттақўрғон тумани, Навбаҳор маҳалласида яшовчи Шуҳрат Юсупов. – Ўн йилдан бери Россия давлатида ишлайман. Ота-онам болалигимда ажрашиб кетгани учун мени бобом улғайтирганди. Аммо ўз отам бу уйни ўзлаштириб, мени у ерга қўймади. Бир нечта жойга мурожаат қилдим, аммо насиҳат эшитиб келавердим. Тумандаги бир инсоннинг тавсияси билан вилоят ҳокимининг телеграм мессенжерига ёздим. Муаммом бир неча кунда ҳал бўлди. Айни кунларда ўз уйимда яшаяпман.
– Каттақўрғон шаҳридаги шифохонада шароитлар бошқа шаҳарлардагидан минг карра яхшироқ, – деб ёзади Каттақўрғон шаҳридан Намозбой Хидиров. – Иккинчи гуруҳ ногирони бўлганим учун ҳар йили даволаниб туришимга тўғри келади. Ўтган йили СамТИ қошидаги клиникага бориб даволандим. Шифокорлари малакали бўлса-да, аммо шароити яхши эмаслиги кайфиятимга ёмон таъсир қилди. Ўзимиздаги шифохонада шароитлар анча яхши, тиббиёт ходимларининг муомаласи ҳам ажойиб эканлигига Самарқанд шаҳрига боргач, яна бир карра ишоч ҳосил қилдим.
Тўғриси, муаммолар кўп, газеталар мақтов билан банд, дея у ер бу ерда доимий чақириқлар бўлиб турган пайтда бу мактубларни эълон қилиш кимгадир эриш туюлиши мумкин. Аммо бу муштарийларимиз нега мактубим чоп этилмади, дейишлари мумкин. Қолаверса, таҳририятга келган бирорта мактуб эътиборсиз қолмайди, деган қоидамиз бор.