Таҳририятлар умумбелгиланган тартибда хусусийлаштирилмайди
Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида "Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси" фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Суҳроб Маҳмараимов Президентимизнинг жорий йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида вилоятда олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
- Фармон билан Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида корхоналарни соғломлаштириш ҳамда хусусийлаштириш клиникаси ташкил этилди, - дейди С.Маҳмараимов. - “Бир дарча” тамойили асосида ишлайдиган клиника фаолиятини мувофиқлаштириш учун ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Ишчи гуруҳ аҳоли ва тадбиркорларга корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларида тадбиркорларга беғараз амалий ёрдам кўрсатади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиби ва онлайн савдоларда иштирок этиш ҳақида маълумотлар тақдим этади.
Клиникада Call марказ ташкил этилди. Аҳоли ва тадбиркорлар зарур маълумотни агентликнинг 1082 қисқа рақами ҳамда савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасининг (78) 210-11-02 телефони орқали олиши мумкин.
Шунингдек, давлат активларини сотиб олаётган харидорларга маблағни 3 йилгача бўлиб тўлаш имтиёзи берилди. Корхоналарнинг акцияларини сотиб олган харидорлар тўлаган маблағига яраша ўша корхонани бошқариш ҳамда сотиб олган акцияларига ҳисобланган дивидендлар олиш ҳуқуқи берилди. Соф активи 100 миллион сўмдан ошмайдиган корхоналар баҳоланмасдан, соф активлари қийматида савдога чиқарилади.
Вилоятдаги таҳририятларни хусусий секторга ўтказишда индивидуал ёндашувга амал қилинади. Нашриёт ва таҳририятлар муҳим йўналиш бўлганлиги туфайли умумбелгиланган тартибда хусусийлаштирилмайди. Бу корхоналар давлат унитар корхонаси бўлганлиги учун амалдаги қонунчиликка кўра, уларни дастлаб хўжалик жамиятига айлантириш лозим. Вилоятдаги 10 та таҳририят давлат унитар корхонасидан масъулияти чекланган жамият шаклига ўзгартирилиб, тўлиқлигича давлат улуши сақлаб қолинади. Кейинчалик улушни хусусийлаштириш масаласи индивидуал ёндашув асосида босқичма-босқич ҳал этилади. Меҳнат жамоаси бехабар ҳолда хусусийлаштирилмайдиган, яъни индивидуал ёндашув асосида хусусийлаштириладиган корхоналар вилоятимизда 25 тани ташкил этмоқда.
Вилоятда 58 та бозор ва савдо комплекслари бўйича 3 ойда таклифлар тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади. Билдирилган таклифлар асосида ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингач, ушбу мажмуаларни хусусийлаштириш тартиби белгиланади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.