Талабалар ижтимоий тармоқлардаги “мурожаати"ни нега инкор этди?

Ижтимоий тармоқларда “Битта нонга пул топа олмаётган пайтимиз контракт пули оғирлик қилмоқда” сарлавҳаси остида талабаларнинг мурожаат тарқатилди.

Унда Самарқанд ветеринария медицинаси институти маъмурияти шартнома пулини тўламаган талабаларни модуль тизимидан блоклаб қўйгани ҳақида айтилган. Битирувчи курс талабалари ҳозир имтиҳонга қўйилмаса, кейин топшира олмаслиги, карантин даврида вазият эътиборга олиниб, имтиҳон топширишларига рухсат берилиши сўралган.

Мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида иқтисодиёт ва агротехнология факультети деканати томонидан талабаларга жўнатилган деб ҳисобланаётган мазкур огоҳлантириш хатида имзо йўқлиги эътиборга олинса, ҳужжат ҳақиқий эмаслиги маълум бўлади.

Модуль тизимида талабаларнинг якуний назорат ишлари ўз вақтида ва белгиланган асослар бўйича ўтказилиб келинган.

Шунингдек, жорий йилнинг 5 июнь куни  ректор бошлиқ институт маъмурияти томонидан барча битирувчи курс талабалари учун ZOOM форматда онлайн мулоқот ўтказилди. Бу ҳақда талабалар огоҳлантирилиб, ушбу мулоқот давомида талабаларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2020 йил 27 мартдаги Баёнотига кўра, мамлакатимизда жорий этилган карантин муддатида талабаларнинг стипендиялари кечиктирилмайди. Яъни, улар ўз вақтида стипендия олишади, шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошлари ҳам тўлаб борилади. Шунга кўра, талабаларнинг тўлов–контракт муддати жорий йилнинг 30 апрелига қадар узайтирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги «Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  Фармонининг 11-банди, “а” қисмига кўра, тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун контракт тўловларини амалга ошириш муддатлари олий таълим муассасаси ректори томонидан узайтирилиши белгилаб берилган. Шунга асосан, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори буйруғига кўра, айнан битирувчи курс талабаларининг контракт тўловлари муддати республикамиздаги пандемик вазият, қолаверса, вилоятимизнинг “қизил ҳудуд” (юқори ҳавфли) эканлиги инобатга олиниб, учинчи марта жорий йилнинг 5 июнь санасига қадар узайтирилган.

Маълумот учун, 8 июндан институтда ДАК имтиҳонлари бошланади. Меъёрий ҳужжатларга биноан, талабаларга ДАК имтиҳонларини топширишга рухсат берилиши учун институт билан қилинган шартнома шартлари бажарилган бўлиши, (контракт тўловлари тўланган бўлиши)  ва талаба белгиланган барча фанларни ўзлаштирган бўлиши лозим.

Мурожаатда қуйида номлари кўрсатилган талабаларга юборилган огоҳлантириш хатларининг фотосуратлари илова қилинган:

Мирзааҳмедов Мирзоҳид Шамшиддин ўғли – қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш таълим йўналиши, 417- гуруҳ талабаси:

Давронов Шерқўзи Эсонмуродович - қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш таълим йўналиши, 415-гуруҳ талабаси.

Мазкур мурожаатлар ижтимоий тармоқларда эълон қилинган куннинг ўзида бу талабалар институт ахборот хизмати билан боғланиб, бу маълумотлар ёлғон эканлиги тўғрисида ўз фикрларини баён қилишди.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ахборот хизмати.