Талабалар - меҳрибон

Ура! Янги қарор қабул қилинаркан! Стипендиялар тартиби аввалгидек белгиланади!

Анча вақтдан бери, аниқроғи, стипендиялар қиймати бир хил қилиб белгиланганидан буён биз катталар талабаларнинг олдида айб иш қилиб қўйгандек, бўйнимиз эгилиб қолганди. Бу муболаға эмас...

Ахир 400 минг сўмга яшаб бўладими?..

Бу энди бошқа масала. Шуни ўйлаб ҳурсанд ҳолда кетаётган бўлсам керак, “нега куласиз” деган савол қулоғимга чалинди. Лўли аёл менга гапираётган экан. У СамВМИ яқинидаги йўлакда тирикчилик қилади. Саломлашиб ўтаман, баъзида бир-икки сўм илинаман.

- Шу совуқда зарил келибдими сизга, яна ўтириб олибсиз, зах ўтади, касал бўласиз, - дейман унга раҳмим келиб.

- Жин ҳам урмайдэ манга, эрталабдан ҳурсандсэз?

- Эй, яхши янгилик, стипендиялар ошяпти. Сизнинг ҳам ризқингиз кўпаядиган бўлди, - дедим.

- Оҳай, яхшэку! Илоҳэм!..

Ишга дастлаб келган пайтларимда унга ҳайрон қолардим. “Бу ҳудуддан асосан талабалар ўтади, нега бу ерда ўтирасиз, гавжумроқ жойга борсангиз бўлмайдими”, деган антиқа саволларимга у антиқа жавоб берганди:

- Биринчэдан, уйэм яқин. Иккинчэдан, бошқа жойларнинг эгасэ бор. Учинчэдан, бу талабалар меҳрэбон, уларга ўрганэб қолганман.

Бу аёл гоҳ-гоҳида пайдо бўлиб қолади, ҳар доим эмас. Жуда камтар, миллатдошларидан фарқли равишда камсуқум, ҳеч кимга тирғалмайди, қўл ҳам чўзмайди. Эсимда, университетни энди битириб, Тошкентда “Интерньюс” (журналистларни қайта тайёрлайдиган ташкилот)да иш ўрганаётган пайтимизда, арман миллатига мансуб дугонам, ҳамкасбим  Гаяне билан “Сквер”да лўлиларнинг “қақшатқич” ҳужумига учрагандик. Аёллар эгнимизга пул бермаганимиз учун нос туфлаб юборишганди...

Бу аёл эса кўринишидан лўлига ўхшамайди, юз-кўзи ҳар доим ёпиқ (бошида биронта секта аъзосимикан, деб ҳавотирлангандим) 3 фарзандини ёлғиз ўзи катта қилаётган экан.

Хуллас, лўли аёл талабалар стипендияси ошаётганини эшитиб, мендан-да хурсанд бўлиб кетди:

- Жуда ажойэб иш бўлибдэ!

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.