Таълим-тарбияда нўноқ ўқувчиларга Навоий ҳикматларини ўргатинг

Аслида, Навоийни ҳар кун ўқиймиз, унинг бебаҳо асарлари, ҳикматлари доим дарсларда такрорланади. Аксарият суҳбатларимиз моҳияти ҳам гоҳо буюк мутафаккирнинг ҳаётий нақлларига асосланади. Шу боис бу буюк аждодимизга доим эҳтиромдамиз.

Бугун Алишер Навоийнинг таваллуд топган куни олдидан маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, бадиий кечалар авжида. Шундай тадбирларнинг бири Самарқанд шаҳридаги 62-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилди.

— Ёш, билимли ва шижоатли она тили ва адабиёт фани ўқитувчимиз Ваҳобжон Авазов улуғ аждодимиз таваллудини муносиб нишонлашга киришди, — дея сўз бошлади мактаб директори Нигора Салоҳиддинова. — Яна дарс ўқиса, қулоғига кириши қийинроқ болаларни ўқувчилар орасидан танлаб олиб, тадбирни мазмунли ўтказишга интилди. Ҳозир тадбирни кузатиб, биргаликда баҳо берамиз...

Саҳна тўрида Алишер Навоий сурати ва “Қалбларда мангу, барҳаёт” ёзуви илинган. Супачада лавҳ, унинг устида очиғлик китоб ва ёнида шам “липиллаб” турибди. Китоб жавонида эса Навоийнинг шоҳ асарлари, у ҳақдаги олимларнинг китоблари жамланган.

Тадбир бошланди. Ҳар бир сўзни бурро-бурро қилиб, ифодали шеър ўқиган икки ўқувчи барчанинг эътиборини тортди. Сўз адабиётшунос олимларга берилди.

Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилар - Азмиддин Носиров, Акрам Тошпўлатов Навоийнинг олтин мероси, сахийлиги, садоқатли дўст, доно давлат арбоби, буюк шоирлигига таърифу тавсиф беришди. Университетнинг филология факультети талабалари олий таълим муассасасида Навоий асарларининг ўқитилиши ҳақида тўхталиб, топган “дуру гавҳарлари”ни жамлаб, алломанинг ғазалларидан намуналар ижро қилишди.

— Ўқувчининг яхши-ёмони йўқ, устоз учун бари бирдек, — дейди Ваҳобжон Авазов. — Бироз нўноқроғи бўлса ҳам ўқувчини буюк аждодимиз ҳикматлари орқали тарбиялашимиз мумкин. Университетдан устозларни таклиф қилганимиз ҳам Навоийнинг бебаҳо меросини улар қалбига чуқурроқ сингдириш, уларни маънавият, маърифатга бошлаш ҳаракатидир.

Алишер Навоий таваллудига бағишлаб ўтказилган мазкур тадбир шубҳасиз, сермазмун ўтди. Саҳнада ғазал ва рубоийларни вазнларга солиб, меҳр билан ўқиган, Навоий асарларининг тарбиявий аҳамиятини спектаклдаги роллари орқали ифода этган ўқувчиларни мактаб директори айтганидек, “қулоқсиз” дея олмадик. Улар энг одобли, иқтидорли ўқувчилар эканлиги ҳеч кимда шубҳа уйғотмади.

Абдуҳошим ЗИЁДОВ.