Таълимга муносабат ўзгарди, энди ўқитувчининг сабоқ бериш услуби ҳам ўзгариши керак

“Шахсан мен ўқитувчи деганда – замон билан ҳамқадам бўлган жонкуяр, зиёли шахсни, мактаб деганда – билим ва маърифат ёғдуси таралиб турадиган, Учинчи Ренессанс пойдевори қўйиладиган табаррук масканни кўз олдимга келтираман”.

Давлатимиз раҳбарининг ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табригидаги ушбу сўзларни эшитиб, аввало, қалбимда фахр туйиш билан бирга улкан масъулиятни ҳис қилдим. Сабаби Президентимиз ўқитувчининг даражаси ва мақомини улуғлаш билан бирга мактабнинг бугун барчамиз учун буюк мақсад бўлган Учинчи Ренессанс пойдевори қўйиладиган қутлуғ маскан эканлигини эслатган.

Аслида, бу ғоя кейинги йилларда юртимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосини ташкил этади. Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида барча соҳаларда ўзгаришлар, янгиликлар кузатилмоқда. Лекин бу борада таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўлами бошқа тармоқларга нисбатан жуда кенг ва катта, назаримда. Бу ислоҳотлар жараёнида таълимнинг энг қуйи тизими – мактабгача таълимдан, энг юқориси – олий ва академик таълимгача, муассасаларнинг моддий-техника базасидан соҳа ходимларининг мақомигача эътибор қаратилмоқда. Пировард мақсад ягона – таълим сифатини ошириш, ҳар томонлама баркамол, замонавий илмлардан хабардор ёшларни тарбиялаш, янги Берунийлар, Ибн Синолар, Замахшарийлар, Хоразмийлар авлодини яратиш.

Бизнинг жамоамиз ҳам ана шу мақсадни теран англаган ҳолда, зиммамиздаги масъулиятни ҳис қилиб фаолият олиб боряпмиз. Айни пайтда мактабимизда 790 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Уларга 47 нафар педагог ходим сабоқ беради. Ўқитувчиларимизнинг 4 нафари олий, 9 нафари биринчи ва 19 нафари иккинчи тоифага эга. Нима учун буни айтяпман? Сабаби, яқин йилларгача ўқитувчиларнинг тоифаси бор-йўқлиги кўп эътиборга олинмас, педагогларнинг ўзи ҳам бундан манфаатдор эмасди. Кейинги ислоҳотлар натижасида тоифали ўқитувчиларга устама тўланиши, рағбатлантириб борилиши бу тизимга муносабатни ўзгартирди. Тўғри-да, тоифа олиш учун ўқитувчи изланади, ўз устида ишлайди, эскича қарашлар билан қотиб қолмайди, керак бўлса, ҳар куни нимадир янгилик ўрганишга ва уни ўқувчиларга етказишга интилади. Бундан ким ютади – аввало, ўқувчи, у малакали ўқитувчидан сабоқ олиб, билимларини бойитади.

Таълимга шундай муносабат туфайли ўқувчиларимиз орасида фан олимпиадалари ғолиблари, хорижий тилларни билиш даражаси бўйича сертификатга эга ўқувчилар, мактабни битирмай туриб, чет давлатлардаги олий таълим муассасаларига ўқишга кираётган ёшлар кўпаймоқда. Биргина ўтган ўқув йилида 42 нафар битирувчимиздан 3 нафари мактабни олтин медаль билан битирди, 4 нафари муддатдан олдин нуфузли олийгоҳлар талабаси бўлди. Олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган 29 нафар битирувчимизнинг 21 нафари университет ва институтлар талабаси бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг табригида Янги Ўзбекистоннинг мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб шаклланиши зарурлиги асосий мақсадимиз бўлиши таъкидланган.

Бизнинг жамоамиз ҳам яратиб берилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда ушбу мақсад йўлида астойдил меҳнат қилишга бел боғлаган.

Нигора Суярова,

Самарқанд шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби директори.