Масалага алоқаси бўлмаган жараёнларни оммага эълон қилиш билан таълим сифатини ошириб бўлмайди
Жорий йил 4 мартда “Talaba.uz” телеграм каналида “O'qishni qo'shni davlatdan perevod qilayotgan talabalarning ota-onalari Samarqand davlat universitetida sarsonlikda...” мазмунида видеолавҳа тарқатилди.
Мазкур видеолавҳа юзасидан Самарқанд давлат университети ректорати ва тегишли мутасаддилар қуйидагиларни маълум қиладики, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 6 февралдаги “Қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан талабалар ўқишини кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш тўғрисида”ги 92-буйруғи билан Самарқанд давлат чет тиллар институтида ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ўқишни кўчирмоқчи бўлган талабалардан ҳужжатлар шу йил 7 февралдан бошлаб, ҳар куни қабул қилинмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан аризаларни қабул қилиш жараёнида талабалар билан суҳбат қилинмоқда. Суҳбатда талабаларнинг ҳақиқатдан қўшни давлатнинг олий таълим муассасаларида ўқиганлиги, бориб-келганлиги (яшаганлиги), ҳужжатларнинг сохта эмаслиги ва паспортдаги чегара белгилари кўздан кечирилмоқда.
Чунки Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2020 йил 3 мартдаги “Қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг ўқишини республика олий таълим муассасаларига кўчиришга оид ташкилий масалалар тўғрисида”ги 156-буйруғида қуйидагилар баён этилган:
- қўшни давлатларнинг олий таълим муассасаларида камида бир семестр мобайнида ўқишини давом эттирмасдан, бошқа давлатларнинг (хусусан, Россия Федерацияси ва қўшни давлатлар) олий таълим муассасаларидан ўқишини ўқув йилининг ярмида кўчириб ўтган талабаларнинг ўқиши республика олий таълим муассасаларига кўчирилмаслиги;
- қўшни давлатларнинг олий таълим муассасаларида масофавий таълим шакли бўйича ва онлайн тарзда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини кўчиришга рухсат берилмаслиги;
- фуқароларнинг қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида камида охирги бир семестрда ўқиши республика олий таълим муассасаларига кўчирилаётган таълим йўналишига мос (турдош) таълим йўналишда тўлиқ ўқиган бўлиши шартлиги;
- қўшни давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган олий таълим муассасаларига ёки уларнинг филиалларида ўқиганларнинг ўқишини кўчиришига рухсат этилмаслиги белгиланган.
Самарқанд давлат университети проректори Аҳмаджон Солеев қабулига шу йил 4 март куни соат 11.00 лар атрофида қўшни давлатлардан ўқишини кўчирмоқчи бўлган, лекин ҳужжатларида камчиликлар мавжуд бўлган фуқаролар мурожаат қилишган. Вазирликнинг юқоридаги буйруғидаги шартлар проректор томонидан тушунтирилган. Аммо улар проректор қабулхонасига тўпланиб, проректорнинг эшикдан чиқишини пойлаб, аввалдан режалаштирган ҳолда, жараённи қўл телефони камерасига тушириш асосида вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилишган. Уларга проректорнинг қабул кунлари ҳақида тушунтириш берилган.
Фуқароларга проректор қабулхонасидаги университет ходимлари томонидан Самарқанд давлат чет тиллар институтидаги ишчи гуруҳга мурожаат қилишлари, улар томонидан ҳужжатлар кўриб чиқилиши ва суҳбат ўтказилиши бўйича маълумотлар берилса-да, улар томонидан шовқин кўтарилиб, ноўрин гаплар айтилган...
Ўша кунги мурожаат қилганлардан Дилором Маматова 5 март куни ректоратга келиб, ушбу воқеага муносабат билдирди.
Жараён видеолавҳасини тармоққа жойлаштиришдан олдин мурожаатчиларнинг шахсиятига тегувчи қўпол сўзларини тасвирга олиш орқали парчаларни уйғунликда қайта тўплаб (монтаж қилиб), тармоққа жойлаштирган “Talaba.uz” телеграм канали вазиятга бир томонлама баҳо бериш билан олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз.
СамДУ матбуот хизмати.