Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси кимларга лицензия беради?

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолият кўрсатаётганига кўп бўлгани йўқ. Шунинг учун ҳам кўпчилик унинг вазифалари нималардан иборат эканини билмайди. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Ғайрат БОБОХОЛОВ билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

- Республикамизда таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўз фаолиятини бошлаганига 3 йил бўлди. 2017 йил 18 июлда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга асосан, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси узлуксиз таълим сифатини юқори босқичга кўтариш, таълим сифати ва ўқув жараёнлари самарадорлигининг холисона баҳоланишини назорат қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириб келмоқда.

Давлат инспекцияси таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳудудий бўлимлар ташкил этилган. Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам ҳудудий бўлим фаолият кўрсатмоқда.

Ҳудудий бўлим таълим инспекциясининг ишчи органи сифатида таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш, таълим муассасалари рейтингини аниқлаш, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш каби жараёнларда иштирок этади.

- Демак, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш ҳам таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига юклатилган? 

- Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатаётган юридик шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш, давлат - хусусий шериклик асосида ташкил этилаётган таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, мазкур фаолиятни тартибга солувчи норматив ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ҳамда нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини соддалаштириш орқали лицензия даъвогарларига қулай имкониятлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 мартдаги “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор асосида нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни ташкил этиш учун юридик шахсларга лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилиши белгиланди. Нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларга таълимнинг ҳар бир тури учун алоҳида лицензия берилади. Лицензияда фаолиятнинг лицензияланаётган тури, таълим фаолияти йўналишлари рўйхати аниқ кўрсатилади.

- Ушбу лицензиянинг амал қилиш муддати қанча?

- Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган барча лицензияларнинг амал қилиш муддати чекланмаган. Бунда лицензия олиш учун ариза электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари порталига юборилади. Лицензия бериш тўғрисидаги аризада юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи, почта манзили, таълим фаолиятини амалга ошириш жойининг манзили, банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами, фаолиятнинг лицензияланаётган тури, таълим фаолияти йўналишлари рўйхати кўрсатилади.

Шунингдек, ёнғин ва санитария-эпидемиология назорати органларининг мавжуд бинолар ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига ва санитария-гигиена нормаларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосалари, педагог кадрлар ҳақида маълумот, ўқув режаси ва дастурларининг электрон нусхалари, ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия даъвогари томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси юборилади.

Лицензия олувчи аризани давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив Давлат хизматлари портали орқали топшириши мумкин.

- Унда бирон фан ўқитувчиси якка тартибда репетиторлик қилиши учун ҳам лизенция олиши керакми?

- Масалан, математика фани ўқитувчиси уйида болаларни олий таълим муассасасига тайёрлаши учун якка тартибдаги тадбиркор сифатида рухсатнома олишининг ўзи етарли. Агар ўқитувчи бошқа фан ўқитувчиларини ҳам репититорликка жалб этса, унда ўқув марказ сифатида лицензия олиши керак бўлади. Якка тартибда таълим беришнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари бор.

Афсуски, айримлар болаларга хорижий тилларни ўргатаман, деб уларнинг онгини бошқа ёт ғоялар билан заҳарлашга уринаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Мана шундай ноқонуний ҳолатларга йўл қўймаслик ҳам лицензия бериш талабларидан биридир. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, таълим тизими бошқаруви ва ваколатли органлар лицензия шартлари ва талабларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилади.

Агар лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширади.

- Лицензиясиз фаолият олиб боришга қонунда қандай жавобгарлик белгиланган?

- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддасида фаолият билан лицензиясиз ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, деб белгиланган.

Фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Ҳозирги кунда вилоятимизда 16 та нодавлат мактаби, 138 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, 38 та кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш нодавлат таълим муассасаси ва 19 та мактабдан ташқари таълим муассасаси лицензия олиб, таълим хизматлари кўрсатиб келмоқда.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА суҳбатлашди.