167 та мактабда таълим сифати қониқарсиз деб топилган
Таълим инспекцияси томонидан 2020 йил режасига мувофиқ 2020 та умумий ўрта таълим мактаблари таълим сифатини таъминлаш фаолиятига баҳо берилиб, 167 та мактабда таълим сифати қониқарсиз деб топилган.
Бу ҳақида Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев Таълим инспекцияси томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.
– 2020 йилда режага асосан жами 2020 та умумий ўрта таълим мактаблари таълим сифатини таъминлаш фаолиятига баҳо берилди, – деди Таълим инспекцияси бошлиғи. - Натижада уларнинг 1853 таси аккредитацияланди ва 167 та мактабда эса таълим сифати қониқарсиз деб баҳоланди. Таълим сифати паст деб эътироф этилган мактаблар фаолиятини яхшилаш мақсадида улар халқ таълими бўлимларининг метод хизматларига бириктирилди, тажрибали педагог-экспертларни жалб қилган ҳолда таълим сифатини яхшилаш амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ўтган йил давомида 788 та мактаб фаолиятида аниқланган камчиликлар бўйича ҳудудий ҳокимликлар ва Халқ таълими бошқарув органларига тақдимномалар киритилди. Натижада масъулиятсизликка йўл қўйган 87 нафар раҳбар ходимларга ваколатли органлар томонидан интизомий чоралар кўрилиши таъминланди.
Хусусан, 22 нафари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди, 4 нафарининг ойлик маошига нисбатан жарима қўлланилди, 24 нафарига ҳайфсан эълон қилиниб, 37 нафари мажбурий малака оширишга юборилди.