Танасидан 11 та игна олиб ташланган Азизбекнинг ҳолидан хабар олинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси К.Кавлонова “Меҳнатобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Азимжон Худойбердиевлар оиласида бўлди.

Ҳозир Азизбек 2 ёшу 3 ойлик, унинг аҳволи қониқарли, доимий равишда мутахассислар назоратида, деб ёзмоқда ЎзА. Катта дард билан олишган бу болани маҳалладагилар “Ўлмасбек”, “Хислатбек” деб аташади.

– Бу чақалоқнинг танасидаги игналар ҳақида ижтимоиий тармоқларда турли миш-мишлар ва шов-шувлар кенг тарқалди, – дейди К. Кавлонова. – Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, бу қасддан қилинмаганлиги, жиноят аломати топилмаганлиги маълум бўлди. Эҳтиётсизлик оқибатида игналарни чақалоқнинг ўзи ютган. Шунинг учун ҳам аёлларимиз бола тарбиясига ҳеч қачон эътиборсиз бўлмасликлари керак.

Гўдакнинг танасида қолган яна 4 дона игнани ҳам олиб ташлаш режалаштирилмоқда. Игналарнинг иккитаси бўйиннинг 5-,6-,7- умуртқалари тўғрисида, биттаси 3- ва 4- кўкрак умуртқалари рўпарасида яна биттаси 1- ва 2- қовурғалар орасида жойлашган.

– Бир йил бўляпти янги уйга кўчиб ўтдик, – дейди Азизбекнинг онаси Шоҳсанам. – Боламиз билан овора бўлиб, уйимизнинг қурилиши ҳам чала қолганди. Туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари бизга бу борада мадад қўлини чўзди. Эшик ва ромлар ўрнатиш, сувоқ, асфальт ётқизиш ишларида ёрдам берди. Ҳатто иссиқхона ҳам қуриб беришди, ҳозир бу ерда бодринглар пишди. Уни сотиб, рўзғоримизни тебратмоқдамиз. Маҳалла боламга нафақа пули беряпти. Ўғлим Азизбекни инжиқликлари ҳам анча камайди. Яқинда Тошкентга тиббий кўрикка бориб келдик. Бироз ҳаракатга келиб олгандан сўнг, навбатдаги жарроҳлик амалиёти амалга оширилар экан.

Комилахоннинг айтишича, бу оилага туман ҳокимлиги томонидан доимо амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Оила бошлиғи Азимжон Худойбердиев шу ердаги фермер хўжалигида меҳнат қилмоқда.