Танзания президенти Жон Магуфули вафот этди

Танзания президенти Жон Магуфули 62 ёшида вафот этди, дея хабар берди Bloomerg вице-президент Самиа Сулуҳу Хассан маълумотига асосланиб.

Илгари танзаниялик мухолифатчи сиёсатчи Тунду Лиссу айтганидек, “COVID-19” билан касалланган давлат раҳбари Ҳиндистонга олиб кетилган. Бундан олдин Кенияда даволанган.

«Financial Times» ўз манбаларига асосланиб, Магуфули оғир касал бўлганлигини билдирган эди. Кениянинг "Nation" нашри ҳам ўз манбасига асосланиб "икки ҳафта давомида жамоат олдига чиқмаган Африка давлатларидан бирининг етакчиси коронавирус касаллиги билан Найробидаги касалхонага ётқизилган" дея хабар берди. ОАВ хабарларига кўра, у нафас олиш мосламасига уланган.

Шу билан бирга, Танзания бош вазири, юридик ишлар вазири ва мамлакатнинг Намибиядаги элчиси президент коронавирус билан касалланганлиги ҳақидаги маълумотни рад этди.

Аввалроқ Магуфули Танзанияда “SARS-CoV-2” йўқлигини айтганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса “COVID-19”га қарши вакциналар сотиб олиш режаси йўқлигини хабар қилди. Магуфули коронавирус ҳақида жўяли гап айтмасдан, аҳолини касалликка қарши курашиш учун уч кун давомида ибодат қилишга чақирди ва локдаун жорий этмаслигини таъкидлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Танзания 2020 йил май ойи бошидан бери коронавирус касаллиги ва ўлим статистикаси ҳақида хабар бермаган. ЖССТ маълумотларига кўра, мамлакатда жами “COVID-19” касаллигининг 509 та ҳолати аниқланган ва 21 та ўлим қайд этилган.