Тарихдаги 10 та энг машҳур сулолалар

Инсоният тарихида ўзига хос из қолдирган кўплаб оилавий сулолалар яшаган. Қуйида дунё цивилизациясига сезиларли таъсир ўтказган ҳукмрон оилалар ҳақида ҳикоя қиламиз.

1. Птолемейлар оиласи (Миср)
Птолемей Александр Македонскийнинг лашкарбошиси бўлган. Миср босиб олингач, ҳукмдор уни шу мамлакатга бошқарувчи қилиб тайинлаган. Александрнинг ўлимидан сўнг эса Птолемей ўзини Миср шоҳи дея эълон қилган. Шу кундан бошлаб қадим эҳромлар мамлакатида Птоломейлар сулоласи ҳукмронлиги бошланди.



Мазкур сулола малика Клеопатра VII давригача, яъни римликлар истилосигача давом этган. Айнан соҳибжамол малика Рим саркардалари Юлий Цезар ҳамда Помпей, кейинчалик эса Марк Антоний ҳамда Октавианлар ўртасида ўзаро келишмовчилик ва сиёсий бўҳронлар келиб чиқишига сабаб бўлган.

2. Виндзорлар сулоласи (Буюк Британия)



Виндзорлар оиласи аъзолари нафақат Буюк Британия (Шотландия, Англия, Ирландия)да, балки Бельгияда ҳам Саксон-Кобурт-Гот сулоласи сифатида (Биринчи жаҳон урушида мағлуб бўлган қирол Георг V нинг барча немец унвонларидан воз кечгунича, Виндзорлар оиласи шундай деб аталган) ҳукмронлик қилган. Инглиз қироличаси Елизавета II нинг фарзандлари эри, шаҳзода Филипп Маунтбеттеннинг насабини олишлари шарт эди. Аммо 1952 йилда бўлажак малика бундан сўнг барча меросхўрлар Виндзорлар сулоласи вакиллари деб номланиши тўғрисида ҳужжатни имзолади.

3. Минлар сулоласи (Хитой)



Бу авлод ер сайёрасининг 3/1 қисмини эгаллаган мамлакатда 300 йил ҳукмронлик қилган. Буюк Мин империяси «Деҳқонлар қўзғолони» даврида мағлубиятга учрагач, мамлакатга маньчжурлар бостириб киради. Сулоланинг асосий маркази - Пекин қулагач, шоҳнинг кўп сонли фарзандлари ўзларини Хитойнинг янги императорлари деб эълон қилишади. Улар ўз назоратига олган шаҳарлар Жанубий Мин давлатига бирлашишди. Аммо шаҳзодаларнинг ўзаро келишмовчиликлари туфайли янги давлат ҳам манжурлар босимига чидай олмай қулагач, Хитойда янги Цин империяси ҳукмронлиги бошланди.

4. Романовлар сулоласи (Россия)



Голштейн-Готторп-Романовлар сулоласи Россияда XVII асргача ҳукмронлик қилиб келган. Бу сулола вакиллари Россиянинг давлат сифатида шаклланиши, ҳудудининг кенгайишида муҳим ўрин тутган. Бу авлод вакили Николай II - Россиянинг сўнгги императори ҳисобланади. 1917 йилги Февраль революциясидан сўнг у тахтдан қулайди ва 1918 йилда оиласи билан биргаликда большевиклар томонидан отиб ташланди.

5. Медичи оиласи (Италия)
Медичилар оиласи Флоренциядаги энг бой ва ҳурматга сазовор сулолалардан ҳисобланган. Чунки ушбу авлод вакиллари орасидан бир неча таниқли ҳукмдорлар, учта Рим Папаси чиққан. Шунингдек, сулола Европадаги қатор қудратли ҳукмрон оилалар билан яқин қариндошлик ришталари билан боғланган. Бундан ташқари, Медичи вакиллари орасида банкирларнинг кўплиги сабаб сулоланинг бутун қитъага таъсири катта бўлган.



Династия аъзолари ўрта асрларда санъат, маданият ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. Жумладан, Леонардо да Винчи ва Микеланджело каби буюк рассомларга ҳомийлик қилишган. Медичилар туфайли Италия Ренессанси дунёга келган.

6. Ганди-Неру сиёсатдонлар авлоди (Ҳиндистон)
Бу авлод вакиллари Ҳиндистоннинг сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган. Мустақиллик учун курашда халқни бирлаштирган Жавохарлал Неру мамлакатнинг биринчи бош вазири бўлган. Унинг қизи Индира Ганди эса дастлаб Конгресс партияси раислигини эгаллаган, кейинроқ эса отаси каби Ҳиндистон бош вазири бўлди.



Индира Ганди 1984 йилда ўз қўриқчиси томонидан ўлдирилгач, оилавий ишларни унинг ўғли Раджив давом эттирди. У ҳам 1989 йилгача бош вазир бўлди. Афсуски, унинг тақдири ҳам онасидек бўлди. Сиёсатчи 1991 йилда террорчи аёл томонидан ўлдирилди. Раджив Гандининг ўлимидан сўнг унинг беваси партия Конгрессини бошқарди.

7. Чингизийлар империяси (Муғулистон)
Чингизхон тарихда энг йирик империяга асос солган ҳукмдор сифатида танилган. Муғул лашкарбошиси ҳаётлик вақтидаёқ Осиё қитъасини катта қисмини бўйсундирган эди. Унинг юзлаб кўчманчи қабилаларни бирлаштиргани туфайли кучига янада куч қўшилди. 1227 йилда Чингизхон ўлгач, империя унинг ўғли Угэдэй қўли остига ўтди.



Буюк хоннинг авлодлари кўплаб халқлар ва ҳудудларни босиб олиб, бирлаштирди. Жаҳоннинг ўнлаб қудратли давлатлари Мўғуллар империясига вассал сифатида ўлпон тўлаб турган.

8. Плантагенетлар (жентелменлар даври, Англия)



Плантагенетлар сулоласи вакиллари 1154-1458 йиллар давомида Англияни бошқариб келган. Улар мамлакатдаги шоирлар, меъморлар ва бошқа ижодкорларга ҳомийлик қилиб санъат ва маданиятни ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшишган. Айнан Плантагенетлар даврида илк Англия парламентига, Оксфорд ва Кембридж каби университетларга тамал тоши қўйилган.

9. Рюриковичлар оиласи (Россия)



Рюриковичлар авлодининг насаби иқтидорли тадбиркор Рюрик томонидан тарқалган. Тарихчиларнинг фикрича, Новгород аҳолиси унга шаҳарга князлик қилишга таклиф қилишган экан. Айнан ушбу сулола вакиллари тарқоқ қабила ва шаҳарларни бирлаштириб, буюк давлатнинг вужудга келишига сабаб бўлишган. Рюриковичлар Россияда IX-XVI асрларнинг охиригача ҳукмронлик қилишган. Аммо шоҳ Федор I ўлимидан сўнг сулола ҳукмронлиги қулаган.

10. Ротшильдлар - молиячилар сулоласи (Австрия)
Бу таниқли сулоланинг вакиллари ҳеч қачон бирор бир мамлакатда ҳукмронлик қилмаган бўлса-да, аммо айрим давлатларнинг қиролларига нисбатан жуда катта имкониятга эга бўлишган. Уларнинг кўпчилиги таниқли жамоат арбоблари ва банк эгалари ҳисобланишган. Молиявий қудратга эга бўлган авлод силсиласи - заргарлик устахонаси хўжайини Амшел Мозес Бауэрдан бошланган. Унинг ўғли Майер эса Ротшильдлар сулоласининг жаҳонда танилишига сабаб бўлди.



1816 йилда Австрия қироли Ротшильдларнинг мавқиени тан олиб, уларга барон, кейинчалик Буюк Британия қироллиги эса дворянлик унвонига лойиқ топишди. Сулола вакиллари ўзларининг молиявий аҳволи ҳақида кўп гапиришмаса ҳам йилига хайрия мақсадларида кўп миқдордаги маблағ сарфлашади. Маълум бўлишича, дунёнинг энг сара ва қимматбаҳо санъат асарларидан иборат коллекция ҳам айнан мазкур оилага тегишли экан.

Дилмурод ТЎХТАЕВ таржимаси.