Тарихдаги энг қисқа уруш 40 дақиқа давом этган

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, башарият тарихида бор-йўғи 240 йил уруш бўлмаган экан. Қолган вақтда эса башарият миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлган ўзаро урушлар исканжасида қолган. Бу кўҳна дунё қанчадан-қанча қирғинбарот муҳорабаларга гувоҳ бўлмаган, дейсиз? Оддий инқилоблардан тортиб, ҳудудлар мустақиллиги учун бўлган шафқатсиз курашлар, ҳатто, бир неча аср давом этган урушларни ҳам ўз бошидан ўтказган.

Жумладан, энг узоқ давом этган уруш Нидерландия ва Силли архепелаги ўртасида 1661 йилда бошланган бўлиб, 1989 йилга келиб ниҳоясига етган. Қизиғи бу урушда ҳеч ким талафот кўрмаган. Ўз вақтида тинчлик тўғрисида сулҳ тузилмаганлиги сабабли у нақ 335 йилга чўзилган. Шунингдек, тарихда энг қисқа, узил-кесил ҳал қилувчи жанг сифатида ўрин олган Мохач яқинидаги жанг 2 соатга яқин давом этиб, бутун бир мамлакат тақдирини ҳал қилган.

Лекин 1896 йилда Буюк Британия колонизаторлари ва Занзибар султонлиги ўртасида бўлиб ўтган яна бир ажабтовур уруш нақ 40 дақиқа давом этиб, тарихда “энг қисқа уруш» номини олган.

Хўш, жуда тез ниҳоясига етган мазкур урушга нима сабаб бўлган эди?

Буюк Британия ва Германия ўртасида 1890 йилда тузилган келишувга мувофиқ Шарқий Африкада жойлашган, стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Занзибар ороли Буюк Британия вассаллиги ҳисобланган.

1896 йил 25 августида Занзибар султони Ҳамад ибн Тувайни вафот этгач, янги султон Халид ибн Баргаш ҳокимият тепасига чиқди ва ўз давлатининг британ истилочилари қўлидан озод бўлишини истаб, Занзибарни мустақил давлат деб эълон қилди. Аммо Баргашнинг ўзбошимчалик билан тахтга ўтириши ва кутилмаганда қилган оламшумул қарори британияликларга ёқмади. Британия қироллиги ҳукумат тепасига Ҳомид ибн Муҳаммаднинг ўтиришини хоҳлаб, Баргашга тазйиқ ўтказа бошлади. Лекин ўзбошимча султон ҳокимиятни душманлари қўлига топширишни истамади.

Натижада британияликлар султонни куч билан тахтдан воз кечишга мажбурлаш мақсадида мазкур давлатга уруш эълон қилди. 27 август куни бешта британ кемалари Занзибар қўлтиғига лангар ташлаб, ҳар лаҳзада ўт очишга тайёр ҳолда буйруқни кута бошлади. Ниҳоят, эрта тонгда бутун мамлакатни қуллик исканжасига олиб келган буйруқ берилди. Уруш ҳаракатлари оқибатида Занзибарнинг ўта содда қурол–яроғлар билан қуролланган ҳарбий-денгиз кучларининг жанговар кемалари сувга ғарқ қилиниб, қирғоқ пиёда қўшинлари бутунлай тор-мор келтирилди. Шундай қилиб Баргашнинг янги империяси бор йўғи қирқ дақиқа ичида бутунлай яксон бўлди.

Дил МУРОД таржимаси.