Таржимоннинг китоби
Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Қалам” нашриётида чоп этилган, моҳир таржимон, журналист ва шоир Фозил Шукуровнинг “Дилрўшнои” китоби тақдимотига бағишланган адабий учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари вилоят бўлими ҳамда "Овози Самарқанд" газетаси таҳририяти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда самарқандлик шоирлар, ёзувчилар, журналист ва адабиётшунос олимлар, СамДУ талабалари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Тошпўлат Тугалов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Акрам Ҳайдаров, "Овози Самарқанд" газетаси бош муҳаррири Баҳодир Раҳмонов, СамДУ профессори Садри Саъдиев ҳамда ижодкорлар адабиётнинг инсон камолотида тутган ўрни, Фозил Шукуров ижодининг ўзига хос жиҳатлари ва янги китоб ҳақида тўхталди.
– Фозил ака ижоди билан қарийб ўттиз йилдан буён танишман, - дейди Асадулла Шукуров. – У сўзнинг бетакрор қудратини юракдан ҳис қила олади, ўз устида тинимсиз ишлайди ва бунинг натижасида ҳар бир шеъри пишиқ-пухталиги, тасвирнинг тиниқлиги ва юксак бадиий савияси билан ўқувчи қалбидан жой олади. Қўлимиздаги китобнинг чоп этилишида Фозил ака фаолият юритаётган "Овози Самарқанд" газетасининг ҳиссаси катта эканини алоҳида эътироф этмоқчиман.
Китоб тақдимотида ижодкорнинг ҳаёт, она, ёшлик, меҳр-муҳаббатни мадҳ этувчи шеърларидан намуналар ўқилди.