“Ташаббус - 2019”: Йилнинг энг яхшилари аниқланди
Президент соврини учун анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ташаббус кўрик-танловининг Самарқанд шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Унда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик соҳаларида фаоллик кўрсатган 90 нафар ишбилармон ўзаро беллашди. Танловнинг бу йилги саралашида маҳсулотлар тури ва сифати ошгани, импорт ўрнини босадиган ва экспортбоп маҳсулотларнинг кўпайгани билан аҳамиятли бўлди.
Корхонамиз асосан эркаклар куйлаги, чойшаблар ва турли хил матолар ишлаб чиқариш билан шуғулланади, - дейди “Самарқанд ЕвроАзия текстиль” масъулияти чекланган жамияти менежери Жасур Ғаниев. – Яқинда корхонамизга 100 миллион доллар миқдорида инвестиция киритиб, Хитойдан Германия технологияси асосидаги янги ва замонавий ускуналар келтирдик ва 400 га яқин иш ўринлари яратдик. Марказий Осиёда ягона бўлган бу технология матонинг сифатини яхшилаб, чидамлилигини оширади. Натижада ички бозордан ташқари Россия, Исроил, Германия, Бельгия, Украина, Қозоғистон ва Туркияга 100 минг доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилишга эришдик.
Танловнинг якуний хулосаларига кўра, “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналиши бўйича 1-ўринни “Самарқанд ЕвроАзия текстиль” масъулияти чекланган жамияти директори Аслиддин Салоҳиддинов, “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” йўналишида 1-ўринни “Амонов мебель текстиль” оилавий корхонаси раҳбари Шаҳрам Амонов қўлга киритди. INNOVA «VRSUS Mediсal» масъулияти чекланган жамияти директори Шерзод Муҳиддинов “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, якка тартибдаги тадбиркор Савлат Раҳмонов “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишларида ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди.
Шунингдек, танлов иштирокчилари ўн бир йўналишда қўшимча номинациялар бўйича ҳам аниқланиб, ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирланди.
Танловда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов ва Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов иштирок этди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.